Бугуннинг гапи

УЧИНЧИ СЕКТОР ФАОЛИЯТИ ҚАНДАЙ НАТИЖА БЕРАЯПТИ?


06.08.2019   18887

Фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш, секторлар доирасида ишларни ташкил этиш сифатини ошириш ҳамда фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида жорий йилнинг 8 январь куни Президентимиз томонидан "Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарор имзоланган эди.

Жойларда секторлар фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилмоқда. Энг чекка ҳудудлардаги хонадонларга ҳам борилиб, муаммолари ўрганиляпти, ечими юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.

Учинчи секторга қарашли 131 минг 809 та хонадонда яшаётган аҳоли вакилларининг турмуш тарзи, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш учун уч юзга яқин мутахассисдан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, уйма-уй мурожаатлар қабул қилиниб, ўн етти мингга яқин муаммо мавжудлиги аниқланди. Уларнинг асосий қисми табиий газ, электр қуввати ва ичимлик суви таъминоти бўйича бўлди. Соғлиқни сақлаш, бандлик, моддий ёрдам кўрсатиш, уй-жой ажратиш ва ҳужжатларини расмийлаштириш, паспорт-виза ҳамда бошқа кундалик эҳтиёж учун зарур ҳисобланган масалалар юзасидан ёрдамлар сўралди.

Кўрилган амалий чора-тадбирлар натижасида аниқланган муаммоларнинг 15 минг 947 таси ечимини топди.

Электр энергияси таъминоти тизимида 62 километр масофага янги тармоқлар тортилиб, трансформаторлар ўрнатилди. Узатиш тармоқларининг 346 километри мукаммал таъмирдан чиқарилди.

Мингдан ортиқ хонадонга суюлтирилган газ баллонлари берилди. Ҳудудлардаги 715 та газ тақсимлаш қурилмалари кўрикдан ўтказилиб, 15 мингдан зиёд хонадоннинг таъминот даражаси яхшиланди.

Ярим йил давомида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан салкам 300 километрга янги сув қувурлари тортилди, 55 километрдан ортиқ тармоқ ва 41 сув қудуғида реконструкция ишлари амалга оширилди.

Ўттиз бир минг нафар ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсадида ўтказилган 40 га яқин меҳнат ярмаркалари якунида беш ярим минг фуқаро турли ташкилот ва корхоналарга доимий ишга жойлаштирилиб, икки ярим мингдан ортиғи розилигига кўра ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.

Вилоят ишчи гуруҳи томонидан жойларда ташкил этилган сайёр қабуллар давомида мингдан ортиқ фуқаронинг муаммоли масалалари бўйича мурожаатлар келиб тушди. Шундан саккиз юзтаси жойида бартараф этилган.

Уйма-уй юриш натижасида аввало ҳудудларда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, шунингдек, жиноят содир этишга мойил ёки жиноят қурбони бўлиши мумкин бўлган аҳолининг турмуш шароитини ўрганиш, манзилли ёрдам кўрсатилиши туфайли жиноятлар624 тага ёки 36 фоизга камайишига эришилди.

Ҳал этилмаган масалаларни бартараф этиш бўйича мутасадди ташкилот ва корхоналарга тегишли тартибда тақдимномалар киритилди.

Халқ билан ҳамнафас яшаш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш зиммамиздаги вазифадир. Уни виждонан адо этиш учунимкониятларимизни ишга солаверамиз.

Иқболжон КЕТМОНОВ,

вилоят ички ишлар бошқармаси

ташкилий бошқарма бошлиғи ўринбосари.