Андижон 24

УЧ ЮЗ ДОЛЛАР БЕРСАНГИЗ, ЕР СИЗНИКИ


04.02.2020   2737

Бу йигит ҳали ўттиз ёшга ҳам киргани йўқ. Маълумоти ҳам ўртамахсус, уйланмаган. 2012 йили Жиноят Кодексининг 168- ҳамда 28. 211- моддаларидаги қатор бандлар билан айбли, деб топилгану амнистия туфайли қамалмай қолган эди.

Кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади. Афсус, Содиқбек Соқибоев (исм-фамилиялар ўзгартирилди) қилмишининг оқибатидан хулоса чиқармади. Ўзига муносиб бир ишнинг бошини ҳам тутмади. Туман архитектура ва қурилиш бўлимида ишлайдиган бир ўртоғи бор. Унинг олдига бориб, келиб юрди. Ҳокимликда ҳам ўралашадиган бўлиб қолди. Югур-етим ишларнинг анча ҳадисини олган экан.

Ким кўп – ҳокимликка бирон бир хайрли ишга қўл ураман, деган ниятдакеладиганлар кўп. Содиқбек кўринишидан бинойидай йигит, гап-сўзлари ҳам текис. Унинг алдовига учган биринчи "қурбон" Миразиз бўлди. У ҳовли-жой қураман, деб ерга муҳтож эди. Бунинг учун бир жойни кўзлаб турганди. Туман ҳокимининг қарори зарур. Катта идорага кириб-чиқиб юрган Содиқбекнинг қармоғига илинди. 100 АҚШ доллари берса, ўртага тушар экан, шунингдек, яна 50 "кўки" ҳужжатларни тайёрлашга кетади. Миразиз бу пулни қўшқўллаб топширди.

Иккинчи "ўлжа" Обиджон бўлди. Бу сартарош йигит кўркамроқ, одам гавжум жойда ишлашни, алоҳида устахонага эга бўлишни мақсад қилиб юрган экан. "Худди шундай ер майдони бор, туман ҳокимининг қарорини чиқартириб бераман", – деган ваъда Обиджонга жуда маъқул тушди. "Керакли одамлар" ларга ҳамда ҳужжатларни тўғрилашга 1000 доллар керакмиш. Обиджон "бўлмайди", деб бошини қашлаб туриб қолгач, бу миқдор 300 долларга пасайди.

Кунлар ўтаверди. Содиқбек "ўлжа"ларга дуч келиб қолса, ўзини олиб қочади, телефон қўнғироқларига эса жавоб бермайди ёки аврашга тушади. Алданганлар бармоқ тишлаб қолавердилар. Архитектура ва қурилиш бўлимига боришса, у ердагиларнинг бундай ишлардан хабарлари йўқ экан. "Ҳа, шунақа йигит идорага келиб-кетиб юради, бироқ бу ерда ишламайди", – дейишди.

...Шундай кунларнинг бирида кўп қаватли уйлар томонда даҳанаки жанжал кўтарилди. Бир йигит маст аҳволда келиб, қўни-қўшниларнинг тинчини бузди. Бу можарога шу ерда яшовчи Содиқбек қўшилди. Уйига кириб, футболкасини кийиб чиқиб, тасира-тусур қилиб, қўшниларини дўппослай бошлади. Албатта, жанжалкашлар тўс-тўполонини уларнинг "шайтони лаин" сувидан тотиб олганликлари авжига чиқарди. Доду фарёд кўтарилди.Ички ишлар ходими етиб келди.

Содиқбек Соқибоевнинг мана шунда пешонаси деворга бориб урилди. Фирибгарлиги, устига-устак одамларнинг тинчлик-осойишталигини бузиб, бир фуқарога тан-жароҳати етказганлиги – барча-барчаси суд жараёнида элакдан ўтди. Жиноятчи жазосини олди.

Мана шу воқеалар оқибатини ўйлаганда, номаъқул ишларнинг аччиқ сабоғи ҳар қандай кишини ташвишга солади. Атрофимизга қарайлик, ҳар куни яхши ниятда кўчага чиқиб, бор куч-ғайратини элу юрт манфаатлари йўлида сафарбар қилаётган ёшларга балли, дейсиз. Гуруч орасидаги курмакдек, қилмишлари кўнгилни хира қиладиганкимсалар ҳам бор. Бир эмас, икки марта қоқилган Содиқбек ҳаётини қайтадан бошлаши, энди тўғри йўлдан тойилмаслиги учун ҳали имконият бор. Оиласи, маҳалла-кўй, чор-тарафдаги яқинлари эътиборли бўлишлари керак. Бу хулоса қинғирлик оқибатида ҳаётини издан чиқарганлар учун ҳам тааллуқли, десак, тўғри бўлади.

Раҳматжон РАҲИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Асака тумани судининг раиси.