Ижод гулшани

Туз ҳақи


01.08.2017   1232

1985 йил. Май ойининг охирлари. Каштанлар қуюқ соя ташлаган шифохона. Қабулхонада ташвишланиб ўтирган Абдумаликни кутилмаганда ичкарига чорлаб қолишди. Ёнидагилар ҳайрон: ҳужжатларни топширишиб, бир ҳафтадан бери қабулга навбат кутиб туришса-ю одмигина кийинган, қорамағиз ўзбек бир кун ўтар-ўтмас ниятига эришса-я!

Пештоқига «Профессор Лидия Аркадьевна Никитина» ёзуви битилган хона эшигини очганда, малла-қўнғир сочлари елкаси оша тушган, ўрта ёшдаги кўҳликкина аёл стол устидаги қоғозлар тахламидан бош кўтарди. Бироз тикилиб тургач, чеҳраси ёришиб, ўрнидан қўзғалди.

- Қани, марҳамат, кираверинг, Хуш келибсиз!- хона соҳибасининг ширин талаффузда ўзбекча гапириб, эски қадрдонидай қарши олишини Абдумалик мутлақо кутмаганди. Ҳайрати ошганидан мезбон таклиф этган стулга қандай ўтирганини ҳам сезмай қолди. Доктор самимий ҳол-аҳвол сўрашгач, уни хуштаъм қаҳва ва печенье билан сийлади.

Нафақат мазкур шифохонада ёхуд Россияда, балки Европанинг аксарият давлатларида ҳам ном қозонган таниқли кардиохирургнинг муомаласини кўриб, Абдумалик «Дўхтир опа, мени кимгадир ўхшатяпти-да», деб қўйди ичида хижолатомуз.

- Ҳужжатингиздан олис Андижоннинг Чўнгбоғиш қишлоғидан эканлигингизни билдиму, йўқотган хазинамни топгандай бўлдим, -деди мезбон энди ўз тилида ҳаяжонини яширолмай. О, наҳотки сиз ўша - мен учун қадрдон ва ҳамиша ардоқли юртдан бўлсангиз?!

- Бизнинг қишлоғимизни, иннайкейин, ўзбекчани қайдан биласиз? – Абдумалик гўё туш кўраётгандай эди.

- Билганда қандоқ, ахир Чўнгбоғиш туз ичган жойим-ку! - Лидия Аркадьевна сочларини силаб, енгил хўрсинди. – Болалигим Иккинчи жаҳон урушига тўғри келди. Самарадан эвакуация қилинганлар сафида Ўзбекистонга, сизнинг қишлоғингиздаги болалар уйига бориб қолдим. Эсимда...қиш оқшоми Байток (Пойтуғ демоқчи –муаллиф изоҳи) деган жойда қизил вагондан тушдик. Кейин темирйўл ёқалаганча кунботарга қараб уч чақиримча далалар оша йўл босдик. Ўша даврдаги қаҳатчилик, силлани қуритадиган касалликлар, қишнинг қаҳратон совуғи, очлик...эсласам тирик қолганимга ҳануз ишонмайман. Уруш тугаган бўлса-да, келаси йилнинг баҳоригача «детдом»да яшадик. Салкам беш йил давомида деярли ўзбеклашиб кетдик. «Тўптош», «лопта», лойпаққилдоқ, арғимчоқ ўйинлари, баҳор сумалаги, гўжаош... кечагидай ёдимда. Бухожар она, Кўпайсин момо, Нортожи хола деганлар бўларди. Бечора энагаларимиз кеча-кундуз бошимизда парвона эди. Оғриб қолсак, жонлари минг ҳалак. Камолдин бува, Абдурашид ота, Назир ота, Қосимака деган ажойиб одамларни ҳам эслайман. Тут, олма, ўриклари пишса, боғлари бизники эди. Кунлик меҳнатига ёғоч чўмичда ёвғон аталаю бир бурда зоғора нон оладиган қишлоқ одамлари бизни ўз болаларидай ардоқлашарди, топган-тутганлари билан имкон қадар сийлашарди. Ҳолбуки уйларида ўзларининг яримжон болалари емишга зор эди. Оғзидагини бизларга бериб, ўзлари очликка чидолмай кунжара еб, ошқозонини ушлаб мук тушган одамлар ҳақида ҳам гап-сўзлар эшитардик. Ўша яхши одамлар туфайли биз, келгинди етим-есирлар яшаб қолдик, ҳаётда ўрнимизни топдик. Агар улар бўлмаганда...

Аёлнинг кўзлари ёшланди. Дастрўмоли билан юз-кўзларини артганча давом этди:

-Тақдир мени кейинчалик ҳам яхшиларга йўлиқтирди. Тиббиёт институтини тамомлаганимдан бери мана шу ерда - кардиохирургия илмий-тадқиқот институти клиник шифохонасида ишлаб келяпман. Ҳаётимдан нолимайман: кўнглимдаги орзуларимга етдим. Буларнинг барчасида мен эслаган ва афсуски, номлари ёдимдан кўтарилган бошқа ҳамқишлоқларингизнинг ҳам катта ҳиссаси бор. Улардан тоабад миннатдорман, қарздорман. Ўн бир ёшимда қишлоғинглардаги «детдом»да йиғлаб-сиқтаб хайрлашув ўтказгандик. Шунга ҳам салкам қирқ йил бўлибди-я! Қолган гапларни бизникида давом эттирамиз – азиз меҳмоним бўласиз. Энди муддаога ўтсак. Хўш, хизмат?..

Абдумалик етти яшар яккаю ёлғиз ўғлининг юрак хасталигига йўлиққанию, шифо излаб бормаган жойи қолмагани ва охири сигир-қўйини сотиб, сўраб-суриштириб, шу жойга таваккал қилиб келаверганини билдирди. Касаллик варақаси ва бошқа ҳужжатлар билан танишгач, Лидия Аркадьевна болани обдон текширди, ёрдамчиларига нималарнидир тайинлади. Сўнг қайларгадир телефон қилишга тушди: «Антон Игнатьевич, болакай менга қарашли, операцияни ўзим қиламан. Бироқ тегишли тўловлар, дори-дармонлар масаласида ёрдам керак», «Алло, бу халқаро «Меҳримиз сизга» болаларга ҳомийлик ассоциациясими? Гап шундаки...»

Орадан кунлар ўтди. Гавжум темирйўл вокзалида хайрлашиш палласи. Лидия Аркадьевна боласининг дарддан фориғ бўлгани учун ўзига қайта-қайта миннатдорлик билдираётганАбдумаликка бир даста пул узатди.

-Сиздан илтимос, бу пулни бизга «детдом»да меҳрибонлик кўрсатган қишлоғингиздаги одамларнинг хотирасига эҳсонга ҳамда қабрларини кўкаламзорлаштиришга, тартибга келтиришга сарфласангиз. Ҳа, айтмоқчи: қишлоқдошларингиздан қай бири юмуш ё саёҳат илинжида Москвага келса, албатта менга учрасин. Қўлимдан келганича ёрдам кўрсатаман, меҳмон қиламан.

Қарағайзор ўрмон манзараларини йўл-йўлакай томоша қилиб кетаркан, Абдумалик беихтиёр ўйга чўмди. «Агар тақдир бу аёлга йўлиқтирмаганда, мураккаб ва серчиқим операцияни бепул амалга ошириш қўлимдан келмасди. Тавба, орадан шунча йиллар ўтса ҳамки, у туз ичган жойини, яхшилик қилганларни унутмабди. Хўш, мен-чи? Турмуш ташвишлари, иш кўплигини рўкач қилиб, ота қўрғонимга гоҳида ойлаб боролмайман. Онам билан кўпинча телефонда ҳол-аҳвол сўрашаман, холос. Ўтганларни эслаш, эҳсон қилиш хаёлимга ҳам келмаган. Садқаи одам кет! Лидия опа, сиз нафақат ўғлимни, балки занг босган қалбимни ҳам даволадингиз».

-Дада, нега йиғлаяпсиз?

Ўғлининг сўровидан хаёли бўлинган Абдумалик кўзларини артганча деди:

- Яхши одамлар эсимга тушиб кетди.

-Улар қаерда?

-Уларми? Ҳм-м, улар ҳозир ухлашяпти. Аммо яхшиликлари ҳамон уйғоқ. Қишлоғимизга борганда ётган жойларини бирга зиёрат қиламиз, тупроқларини кўзимизга суртамиз, хўпми?

У кўзлари чақнаб турган ўғлини бағрига босди. Қулоғига жажжи юракнинг бир маромда ураётгани эшитилди. Лаблари беихтиёр пичирлади: «Раҳмат, сизга яхши одамлар! Пойингизга тоабад таъзимдаман».

Ҳалимжон ТОҲИРОВ.