Андижон 24

ТЎЁНАГА 400 ДОЛЛАР


29.04.2019   1781

Андижон – Ўш йўлининг Хидирша массивида жойлашган сўлим “Ранчо” чойхонаси бор. Шу ерда 51 нафар болага суннат тўйи ўтказилди. 37 та маҳалладаги, оддий қилиб айтганда, қўли юпқа оилаларнинг фарзандлари учункатта дастурхон ёзилди.

Саховатпешалик намунасига айланган байрамнинг азиз меҳмонларига Хўжаобод тумани ҳокими бош бўлган ҳудуддаги барча ташкилот ва муассаса мутасаддилари хизмат кўрсатдилар.

Ҳокимлик ҳар бир кичкинтойга тўй сарпоси, биттадан велосипед ҳадя қилди. “Фазо-Р” ҳамда “Нил гранит” МЧЖлар томонидан трикотаж кийимлари жамланмаси тақдим этилди. Тумандаги 22 та боғчадан эсдалик сифатида ўйинчоқлар тортиқ қилинди. Мактаб жамоалари ҳам четдатуришмади. Вилоят маданият бошқармаси ҳамда филармонияси, қўғирчоқ театри санъаткорлари байрамга кўтаринкилик бағишладилар. Тўй болаларнинг оналари, бувилари билдирган самимий дил сўзлари ташкилотчиларнинг барча чарчоқларини аритди, десак, муболаға эмас.

Тўй-томошадан сўнгги паллада дарак топган пок ниятли инсонлар ҳам савобга шерик бўлдилар. Жумладан, умра зиёратига тараддуд кўраётган аёл тўйхонадан ўта туриб 400 доллар бериб кетди. Қатор-қатор автобусларда вилоятимизга кириб келаётган сайёҳлар йўл бўйидаги шодиёна боисини англагач, ўзбекларнинг удумларини қайта кашф этдилар.

Тантанада иштирок этган вилоят ҳокими томонидан ҳар бир болага бир миллион сўмдан пул берилди. Рўзаи рамазон ойи арафасидаги бу тадбир баракали ва файзли ўтгани ҳам бор гап.

Рустамжон Эгамбердиев.