Жамият

Тўйхат ўрнида: Ҳаммага бирдай дўст


10.01.2018   641

Орамизда шундай инсонлар борки, улар ҳақида энг сара сўзларни айтсак ҳам озлик қилади. Назиржон Саидовни ҳам вилоятимизда, қолаверса, республикада танимаган, билмаган, бу табаррук инсон билан суҳбатлашмаган одам кам, десам муболаға қилмаган бўламан. Зотан, устоз Назиржон Саидов бутун умр халқ орасида бўлиб, эл-юрт ташвиши билан яшаб келади. Одам ажратиш унинг феълига ёт, ҳаммани тенг кўради ва барчага дўст сифатида ёрдам беради.

Назиржон ака ҳар ким билан юракдан, самимий гаплаша олиши мумкин. Улкан олим, ёзувчи, шоир бўладими, таниқли раҳбарми ёки оддий деҳқон, барча-барча билан тил топиша олади. Қалбга йўл топиш санъати боис Назиржон ака таржимонларсиз ҳам ажнабий меҳмонларни самимият билан кузатган кезлари бўлган. Қизиғи шундаки, устоз суҳбатдан кейин кишида бир руҳий енгиллик, бардамлик, тетиклик пайдо бўлади, ўзига ишонч мустаҳкамланади.

Устоз Олтинкўл тумани, Маслаҳат қишлоғида туғилди. Отаси Шамсиддин, онаси Тожихонлар далада ишлашарди. Назиржон мактабда ўқиб юрган вақтларидаёқ бадиий адабиётга, ижодга, мухбирликка қизиқди. Ўша вақтларда вилоятимизда анча таниқли мухбир Турсунбой Абдусаматовга ҳаваси туфайли журналист бўлганлигини устознинг ўзи айтиб юради.

Уни 1970 йилда Андижон тумани газетасига ишга таклиф қилишади. 1979 йилда ишдан ажралмаган ҳолда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлади.

1979-1984 йилларда Олтинкўл тумани газетасида муҳаррир, 1984-1990 йилларда туман ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари, 1990-1993 йилларда Олтинкўл тумани ҳокими сифатида фаолият юритди.

Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, «Андижоннома» ва «Андижанская правда» газеталари бош муҳаррири, вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси раисининг ўринбосари лавозимларида ишлаб, ҳозирга қадар Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси сифатида шогирдларга устозлик қилиб келмоқда.

Узоқ йиллар самарали хизматлари муносиб тақдирланиб, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвонига сазовор бўлди. 53 йилдан буён халқ меҳрини қозониб, фидойилик билан меҳнат қилиш осон эмас. Устоз ўзининг бутун онгли ҳаёти давомида ҳикмат излади, яхшилик, эзгулик излади ва буни тўлиқ маънода топди ҳам. Эл-юрт ардоғига, муҳаббатига, ҳурматига сазовор бўлди. Табаррук 70 ёшида ҳам жонкуярлик билан фаолиятини давом эттираётган устозимизга мустаҳкам соғлик ёр бўлишини тилаймиз.

Фозилжон

Ҳайитов.