Андижон 24

ТЎЙ: ЎТТИЗ КИШИЛИГИ МАЪҚУЛМИ ЁКИ ЮЗ?


18.06.2020   4107

Ёхуд тўйлар ҳақидаги юз йиллик ўйларимиз бугун ечим топмоқда

Жамоатчилик тўйлар ҳақида асосли фикрларни ўртага ташламоқда. Шу фикрлардан ҳам кўриниб турибдики, тўйлар ҳақидаги юз йиллик ўйларимизга бугун ечим топилгандек. Демак, ихчам, камхарж тўй қилиш билан биз елкамизда ортиқча юк бўлиб келаётган ортиқча сарф-харажатлардан қутилишимиз мумкин.

Пандемия шароитида турмуш тарзимизда ўзига яраша ўзгаришлар бўлди. Шулардан бири тўйлар билан боғлиқ. Ахир ҳаёт давом этар экан, режалаштирган мақсадларимизни бутунлай бир чеккага суриб қўйиб бўлмайди.

Шунинг учун ҳам махсус комиссия қарори билан вирус хавфи кам ҳудудларда ихчам, яъни 30 кишидан ошмаган меҳмон билан никоҳ тўйлари ўтказишга рухсат берилди.

Белгиланган шу тартиб асосида юртимиз бўйлаб шу кунларда тўйлар давом этмоқда. Ҳовлида, энг яқин одамлар даврасида ўтаётган тўйлар видеосини кўриб одамнинг ҳаваси ҳам келади. Ҳамма эътибор келин-куёвда, ортиқча харажат ҳам, меҳмонларни сиғдира олмай ёки кўнглини топа олмай югир-югир қилишлар ҳам йўқ.

Ахир гарчи никоҳ тўйи катта тўйхоналарда бўлгани билан маросим олдидан қариндош-уруғ, қўни-қўшни, дўсту биродарлар тўй бўладиган хонадонга оқиб келарди.

Қиз узатадиган хонадон эгалари келинчак бўлаётган дилбандига сарпо қилиб озмунча харажат қилгани етмагандай, меҳмон кутиб ҳам силласи қурир эди. Юзлаб одамларни меҳмон қилиш, бу ёқда қудалар, куёв навкар...

Куёв томонни гапирмаса ҳам бўлади.

Ана шу ташвишлараро гарчи келин-куёв тўйнинг бош қаҳрамонлари бўлса ҳам асосий эътибор уларга эмас, меҳмонларга қаратилар эди. Тўйхонага келган меҳмонларнинг ярмидан кўпи бир-бирини ҳатто танимас, келин-куёвга бир назар ташлаб қўйиб қорнини тўйғизиш, ўйин-кулгу қилишга машғул бўлиши ҳеч кимга сир эмас.

Энг ёмони, катта харажат эвазига қилинган бундай тўйдан кейин иқтисодий қийин аҳволга тушаётганлар кўп эди. Беҳуда харажатларга чек қўйиш, ихчам тўйлар қилиш бўйича қанчалик тарғибот олиб борилмасин, кутилмаган натижага эриша олмаётган эдик.

Ўттиз кишилик ихчам тўйдан кейин эса одамлар анча маблағи тежалиб қолгани, тўй файзли ўтганию ортиқча югир-югирлар бўлмаганидан мамнун бўлмоқда. Энг муҳими, тўй маросимидан мақсад дабдабабозлик эмас, балки икки ёшнинг оила қуриши ва бахтли яшаб кетиши эканини англай бошладик.

Бу борада кўпчиликнинг фикрини аниқлаш мақсадида ЎзАда “Тўй нечта кишилик бўлишини хоҳлайсиз?” мазмунида сўровнома ўтказилди.

Натижалар кутилганидек. Сўровномада бир кун мобайнида 3 мингга яқин киши қатнашган бўлса, уларнинг ярмидан кўпи 30 кишилик тўйни ёқлаб овоз берди. 592 киши эса 100 кишилик тўй тарафдори экани маълум бўлди. Анча паст кўрсаткич – яъни 142 киши 200 кишилик тўйни ёқлаган.

Сўровнома баҳона тўй мавзуси ижтимоий тармоқларда ҳам трендга чиқди. Минглаб юртдошларимиз тўй ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Шулардан айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз:

Феруза Абдуллаева: Тўйларимиз қанчалик катта, дабдабали бўлгани билан кейинги йилларда ажралишлар кескин ошиб кетди. Ҳеч қайси йигит ёки қиз ота-онам шунча харажат билан тўй қилиб берди, деб ўйлаб кўраётгани йўқ.

Анвар Жўраев: Тўй фақат яқинлар билан, ўнта одам билан ўтказилса ҳам розиман. Балки шунда иқтисод қилинган пулга бошқа зарур нарса харид қилиш ёки хорижий давлатларга тўй саёҳатига боришга имкон туғиларди.

Муборак Файзуллаева: Дабдабали тўйдан кейин ажрашиб кетаётганлар жуда кўп. Аммо тўй 30 кишилик бўлса, бу камроқ, деб ўйлайман. Чунки биз ўзбекларнинг қариндош-уруғимиз кўп. Юз кишилик тўй жорий қилинса, меъёрида бўлади.

Муяссар Юсупова:Яқин қариндошларсиз, айниқса, амма, хола, тоға, амакиларсиз тўй қилиб бўлмайди. Тўйга айтилмаса ўзаро меҳр-оқибат йўқолади.

София Султон:Никоҳ тўйида ҳеч бўлмаганда юз киши қатнашиши керак. Масалан, биз бир ота-онадан 11фарзандмиз. Болаларимиз, набиларимиз билан бирга шунча бўламиз, ахир.

Инобат Ойинмуродова: Бизда ҳалиям тўй жиннилари кам эмас. На фармон, на қарор,на карантин кор қилади буларга.Аслида фарзандларимизнинг бахтли оила қуриши учун дабдаба шарт эмас. Уларга ҳамма шароитни муҳайё қилиб қўйишимиз ҳам нотўғри. Уларнинг ўзигаям иш қолиши керак-ку! Шунда улар ҳам ўзлари учун интилади,бекорчиликдан номаъқул ишларни қилмайди. Хуллас, болаларимиз учун сипороқ бўлганимиз яхши. Ўзимизни қийнаб ҳамма нарсасини тайёрлаб берганимиз билан кутганимиздек бўлмаслиги мумкин.

Гулчехра Умарова: Ҳақиқатан дабдабабозликка берилганлар на давлат, на маҳалла, на жамоатчиликни назарига илмаяпти. Керак бўлсапулларим билан ҳамманинг оғзини ёпа оламан, деб ўйлаб юрганлар йўқ эмас. Лекин шаҳар бедарвоза эмас.

Дарҳақиқат, жамоатчилик тўйлар ҳақида асосли фикрларни ўртага ташламоқда. Шу фикрлардан ҳам кўриниб турибдики, тўйлар ҳақидаги юз йиллик ўйларимизга бугун ечим топилгандек. Демак, ихчам, камхарж тўй қилиш билан биз елкамизда ортиқча юк бўлиб келаётган ортиқча сарф-харажатлардан қутилишимиз мумкин.

Фақат карантин тугаганидан кейин кўпчилик 30 кишилик тўйга рози бўлмаса керак. Чунки чиндан ҳам тўйларни яқин қариндошларсиз амалга ошириш қийин масала. Аммо 100 кишилик никоҳ тўйи қилиш таклифи чакки эмас. Сиз нима дейсиз?

Норгул АБДУРАИМОВА.

Манба: Уз.А.