Андижон 24

ТУРМУШ ФАРОВОНЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ҲИССА ҚЎШАЁТГАНЛАР


27.04.2020   1826

Коронавирус пандемияси сабабли юзага келувчи салбий ҳолатларни юмшатиш мақсадида, аҳоли томорқаларидан фойдаланишда натижадорликка эришиш бугунги кунда катта аҳамиятга эга. Ўз томорқаларидан тўла фойдаланиб, ундан катта даромад олаётган фуқароларимиз орасида “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ ходимлари борлигини ҳам мамнуният билан айтиб ўтиш жоиз. Жамият матбуот хизмати Шаҳрихон ва Избоскан туманларида ана шундай хонадон эгалари билан танишди.

Шаҳрихон тумани “Андижонлик” МФЙ “Боғишамол” кўчасида истиқомат қилувчи Исмоилжон Орзиев “Шаҳрихонтумангаз” филиалида авария-нозимлик хизматида навбатчи-чилангар бўлиб ишлайди. Бўш вақтларида томорқасини гуллаб-яшнатиш билан овора. Ҳовлидаги помидорлар, орқа томорқадаги картошка бугун анча бўй кўрсатиб қолган. Онлайн дарслардан бўш вақтида Исмоилжоннинг катта ўғли Аҳлиддин ҳам отасига кўмак берар экан.

Яна бир чилангар, Азизбек Жўраевни хонадонига кириб ҳавасингиз келади. Томорқасига ўз эҳтиёжи учун керакли бўлган картошка, помидор, булғор қалампиридан ташқари 2 та 3 сотихлик иссиқхонасида помидор етиштирар экан. Айни вақтда иссиқхонадаги помидорлар мева тугишни бошлаган. Хонадон соҳибининг айтишича, йилига 10 млн. сўмдан кам даромад қилмас экан.

Жамиятнинг “Шаҳрихонтумангаз” филиалига қарашли иссиқхона бор. Ҳозирда иссиқхонада 4 туп мандарин билан 12 туп лимон етиштирилмоқда. Филиалда гилос, ўрик, олма, нок, хурмо, беҳи каби дарахтлардан ташкил топган боғ мавжуд. Томорқаларга эса турли хил резаворлар ва кўкатлар экилган.

“Иссиқхонамиздан ўтган йили 200 кг лимон олдик. Ҳосилдан барча ишчиларга тарқатдик, даромаддан эса ўриндиқлар тайёрлатдик” – дейди, филиал раҳбари Умиджон Расулов.

Ҳудди шундай лимонарияли иссиқхона “Избоскантумангаз”да ҳам мавжуд. Уларнинг 2 та иссиқхонасидаги 40 туп лимонлардан ўтган йили 250 кг ҳосил олинган бўлса, бу йил 500 кг ни мўллашмоқда. Лимонлар энди тўртинчи йилга қараб кетмоқда. Даромадни эса филиалда ишчи-ходимлар учун шароитларни янада яхшилашга сарфлашмоқчи. 37 туп гилос, 60 туп ёнғоқ, ўрик, 35 туп олма дарахтлари филиалга салқинлик бахш этиб турибди. Таморқаларда эса сабзавот экинлари, кўкатлар ва резаворлар экилган.

Бугунги кун талабларидан бири, бу раҳбарнинг барча соҳада ўз қўл остидагиларга ўрнак бўлмоғлигидур. Томорқадан қай даражада фойдаланаётганини билиш учун филиал раҳбари Иқболжон Мамасадиқов хонадонига ҳам ташриф буюрдик. Туманнинг “Ифтихон” МФЙ “Тутзор” кўчасида истиқомат қилувчи Иқболжоннинг ҳам хонадонида ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланилар экан. Томорқада бўш жой йўқ. Экинларнинг хилма-хиллиги бу оила ҳам ўз эҳтиёжларини томорқасидан олишни мўлжаллаган экан. Филиал метрологи Дилмуроджон Қурбонов ҳам томорқасида иссиқхона ташкил этган. У ҳам йилига иссиқхонадан 6 млн сўмдан кам даромад қилмаяпти.

Бир сўз билан айтганда, “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖнинг барча ишчи-ходимлари ўз томорқаларидан унумли фойдаланиб, бир қарич ерни ҳам бўш қўймасликка ҳаракат қилишаяпти. Ҳеч бири томорқа — ризқ-насиба, мўмай даромад манбаи эканлигини унутишмаган. Аҳолига хизмат кўрсатишдан бўш вақтларида эса томорқаларидаги меҳнатлари билан ўзларининг турмуш фаровонлиги ҳамда юрт ободлигини таъминлашга ҳисса қўшишмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати