Бугуннинг гапи

Тўловлар энди МИБга эмас, «Сувоқава» ДУКга тўланади


20.01.2020   1931

Бу ҳақда вилоят «Сувоқава» ДУК томонидан айни вақтда журналистлар ва блогерлар иштирокида ўтказилаётган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Сўнги йилларда республикамизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Кейинги уч йил давомида олиб борилган ислоҳотлар натижасида Андижон вилоятининг энг чекка ҳудудларига, айниқса, 20-30 йилдан буён ичимлик суви етиб бормаган маҳаллаларга тоза ичимлик суви етказиб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 ноябрдаги ПФ-5883-сон Фармони ҳамда ПҚ-4536-сонли Қарори билан тизимда туб ислоҳотлар бошланди. Ушбу хужжатларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида 2020йилнинг 1 январидан бошлаб истеъмолчилардан ичимлик ва оқава сув тўловларини қабул қилиш амалиёти Мажбурий ижро бюросидан «Сувоқава» ДУКнинг шаҳар ва туманлардаги филиалларига ўтказилди. Шу муносабат билан келгусида ичимлик ва оқава сув тўловлар «Сувоқава» ДУКнинг назоратчи-инспекторлари орқали амалга ошириладиган бўлди. Бунинг учун вилоят «Сувоқава» ДУКга 263 нафар ходимни ишга қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, айни пайтда номзодларни ишга қабул қилиш жараёни давом этмоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, вилоятда 2019 йил давомида ичимлик сув таъминоти ва оқава сув хизматларини яхшилаш бўйича барча манбалар ҳисобидан 182 млрд. сўм маблағ ҳисобига 1 дона ичимлик иншооти, 137 дона ичимлик қудуғи ва 880 км ичимлик сув тармоғини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 1 дона оқава сув ҳайдаш насос станцияси ва 12.5 км оқава сув тармоғида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Ушбу қурилиш ишларининг амалга оширилиши натижасида 112 минг нафардан ортиқ аҳоли ичимлик суви билан таъминланди ва 184 минг нафар аҳолини сув таъминоти яхшиланишига эришилди.

Вилоятнинг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 86.2 фоизга (яъни 3.8%га) ортди.

Матбуот анжуманида вилоят «Сувоқава» ДУК директорининг ўринбосари Зафарбек Фозилов юқоридагиларни таъкидлаб, жорий йилда амалга ошириладиган ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтди. Тадбир давомида у йиғилиш қатнашчиларини қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарди.

«auz.uz» online гуруҳи.