Жамият

Тўғри йўлдан тойилганлар: УЧ ЮЗ МИНГ СЎМ ТАЛВАСАСИ


28.09.2019   1052

Хўжаободлик Сайёра Раҳимжонова (мақоладаги исм ва фамилиялар ўзгартирилган)икки ёшга тўлмаган боласига нафақа пули тайинланишида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Маҳалла фуқаролар йиғини котиби Султон Мамараимов вазиятдан фойдаланмоқчи. Ҳужжатларни топшириб қайтаётган фуқарони бир четга чорлади. “Агар аризам тезда кўриб чиқилсин десангиз, келишамиз” дея шипшиди.

– Қандай қилиб, ҳозиргина навбатга ёзиб қўямиз дедингиз-ку.

– Эҳ, опагинам, бугунги кунда мушук ҳам текинга офтобга чиқмай қўйган.

Сайёра бир-икки маротаба келди. Аммо ҳар сафар котиб мийиғида кулганча:

– Айтганимни қилиб чойчақаташланг, усиз ишингиз битмайди. Маҳалла-кўйчилик 300 минг сўм берсангиз бўлди. Янги ойдан болангизга пул оласиз, дерди.

Наилож, фуқаро рози бўлди. Аммо котибнинг кирдикори очилди. Пора олаётган вақтида Иқтисодий жиноятларга қарши департаментнинг Хўжаобод тумани бўлими ходимлари томониданқўлга олинди.

1970 йилда туғилган Султон оилали,уч фарзанднинг отаси эди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилиб, икки йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифалардан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан бир йил аҳлоқ тузатиш ишлари ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида жарима жазолари тайинланди.

Халқ, маҳалла ишончига оёқ қўйган “уддабурон”нинг 300 минг сўмлик талвасаси юзини шувут қилди.

Муҳайёхон ТУРДИЕВА,

жиноят ишлари бўйича Хўжаобод тумани суди раиси.