Жамият

Тўғри йўлдан тойилганлар: ҚЎШИМЧА ГУРУҲГА «ШАПКА» КЕРАК


13.06.2019   1017

Судланувчи М.К. ҳаётнинг оқу қорасини, пасту баландини фарқлайдиган ёшда. Илгари ҳам икки марта адашган. Дастлаб, яъни бундан 9 йил аввалЖиноят кодексининг 167- моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) ҳамда 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан унга нисбатан юритилган жиноят иши кўрилаётганда Олий Мажлис Сенатининг “Амнистия тўғрисида” ги қарорига асосан жазодан қутулиб қолган эди. Орадан 4 йил ўтар-ўтмас яна 167-модданинг 2-қисми билан иш қўзғатилди. Бу гал ҳам давлатимизнинг инсонпарварлик тамойили туфайли қадами қамоққача етиб бормади.

Мана шу кўргуликлардан аччиқ сабоқ чиқариб, ҳалол ишлаб юрса бўларди. Аммо....Туманмактабгача таълим бўлими мудири лавозимини қўлга киритгач, яна таъмагирлик йўлига ўтди. Боғчалардан бирида хўжалик ишлари бўйича мудир вазифасида ишлайдиган В.Й. “ажойиб” таклиф билан келди. Муассасада янги қўшимча гуруҳ ташкил қилинаётган экан. Унга тарбиячи, ёрдамчи тарбиячи ва мусиқа мутахассиси керак. Туман ҳокимининг фармойиши бор. Энди М.К. буйруқ чиқариб берса, кифоя.

Ҳа, ўйлаб кўрса, арзийдиган таклиф. Осонгина ҳал қилиб қўйса ҳам бўлаверадию, лекин...Хўжалик ишлари бўйича мудира буни дарров тушунди. Майли, ҳозирча буйруқ чиқарилмаган бўлса ҳам тарбиячилар ишлаб тураверишсин-чи! Шу орада боғча мудираси ўқишга кетиб қолдию, “завхўз” опа унинг ўрнига ишлаб турадиган бўлди. Тарбиячилар икки ойча маош олмасдан гуруҳни эплашди, ҳайтовур.Вақтинча мудира - “завхўз” опа 200 АҚШ доллари берилса, буйруқ тайёр бўлишини айтиб қолди. Буйруқ чиққан эмиш, тарификация ҳам ўтибди, фақат... имзо қўйилмаяпти экан.

Тарбиячилардан бири ноқонуний ҳатти-ҳаракатларга чек қўйиш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бўлимига ариза билан мурожаат қилди. Қўшимча гуруҳ очиш учун 200 АҚШ доллари, яъни “шапка” вақтинча мудирага топширилиб, у орқали М.К.га бериладиган бўлди.

Буни қарангки, туман марказидаги деҳқон бозори ёнида М.К. “завхўз” опадан ... 100 АҚШ доллари олди. Ие, қолгани-чи?! Дарвоқе, 100 долларни хожатбарор ўртакаш сумкасига урган экан. Судда у “қолганини қайтариб бермоқчи эдим”, деб иддао қилганига нима дейсиз?

Тавбасига таянмаган М.К. Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисмининг “в” банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. ЖКнинг 72-моддасига асосан ҳукм шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди. “Шапка”ни элтган В.Й. ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисми, 211-моддаси (пора бериш)нинг 1-қисми билан айбли деб топилди. Унга нисбатан 2 йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Болалар тарбияси ишониб топширилган кимсаларнинг элу юрт олдида юзлари шувит бўлди. Бундан ортиқ жазо борми?

Инъомжон НОРМАТОВ,

Жиноят ишлари бўйича Булоқбоши тумани суди раиси.