Ҳужжатлар

Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидларини амалга оширишнинг замонавий шакл ва услубларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғр


23.08.2017   829

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Ўтган йилларда электрон аукцион савдоларини ташкил этиш орқали давлат ва корпоратив харидларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун уларни такомиллаштириш чоралари кўрилди.



Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида товарлар (ишлар, хизматлар) хариди бўйича идоралараро тендер комиссиялари, шунингдек, лойиҳа ташкилотлари томонидан тайёрланган тендер ва лойиҳаолди ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича ихтисослашган тармоқ эксперт кенгашлари ташкил этилди.



Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил шуни кўрсатдики, давлат ва корпоратив харидларининг ҳамда тендер савдоларини ташкил этишнинг амалдаги тартиби замонавий талабларга жавоб бермайди, турли хил коррупция кўринишлари учун шароит яратадиган кўплаб келишиш жараёнлари, бир-бирини такрорлайдиган тартиб-таомиллар ва сансалорлик ҳолатларининг мавжудлиги сабабли жуда мураккаб ҳисобланади.



Хусусан, идоралараро тендер комиссиялари баённомаларини келишиш ва тасдиқлашни ўз ичига олувчи тендер жараёнларининг айрим ҳолларда олти ойгача чўзилиши кузатилмоқда, бу эса лойиҳалар, шу жумладан, хорижий ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар амалга оширилишининг кечиктирилишига ҳамда тармоқ жадвалларининг бузилишига олиб келмоқда.



Нарх-навони манипуляция қилиш, товарларнинг сифати, тавсифи ҳақидаги маълумотларни бузиб кўрсатиш ва электрон савдода тузилган битимлар бўйича товарларни етказиб бермаслик ҳолатлари кўплаб мавжуд.



Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлари тизимини тубдан такомиллаштириш, ушбу соҳада суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:



1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5120-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш доирасида Ресурслар ягона миллий маълумотномаси ва Давлат харидлари ягона ахборот порталини яратиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.



2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилсин:



иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган, битта контракт бўйича 5 миллион АҚШ долларидан юқори эквивалентдаги инвестиция лойиҳалари доирасида товарлар (ишлар, хизматлар)нинг хариди юзасидан тармоқ идоралараро тендер комиссияларини тугатиш;



лойиҳа ташкилотлари томонидан тайёрланган тендер ва лойиҳаолди ҳужжатларини таклиф этилаётган технология ва асбоб-ускуналар бўйича технология, асбоб-ускуналарни танлаш ва нархларни шакллантириш қисмида экспертизадан ўтказиш функциясини бажарадиган ихтисослашган тармоқ эксперт кенгашларини тугатиш;



битта контракт бўйича 300 АҚШ долларидан 100 минг АҚШ долларигача эквивалентдаги товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидларини Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси томонидан ташкиллаштириладиган электрон савдолар орқали амалга оширишга оид талабни бекор қилиш.



3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2018 йил 1 январга қадар товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлари қуйидаги эквивалентларга мувофиқ, яъни:



1 минг АҚШ долларидан кам бўлган битта контракт – нархи, сифати ва товарлар (ишлар, хизматлар)ни етказиб бериш муддатлари бўйича энг мақбул келадиган шартларни таклиф қилган етказиб берувчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали;



1 мингдан 100 минг АҚШ долларигача бўлган битта контракт – буюртмачи тузадиган идоравий танлов комиссиялари томонидан баҳоланадиган энг мақбул таклифларни танлаб олиш орқали;



100 минг АҚШ долларидан юқори миқдордаги битта контракт – буюртмачи томонидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти, шунингдек, буюртмачининг тармоқ илмий-техник кенгашларининг вакилларини мажбурий жалб этган ҳолда тузиладиган идоралараро танлов (тендер) комиссиялари ташкил этадиган танлов (тендер) савдоларини ўтказиш орқали амалга оширилади. Мазкур харидлар бўйича техник шартлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишилган бўлиши шарт.



Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар танлов (тендер) комиссиялари таркиблари ва тегишли тартиб-таомиллар ушбу қарор талабларига мувофиқлаштирилишини таъминласин.



Буюртмачиларнинг раҳбарлари давлат ва корпоратив харидларини амалга ошириш тартибига риоя қилмаганлиги, шу жумладан, харид қилишнинг мақсадга мувофиқлиги учун жиноий жавобгарликка тортишгача қадар шахсий жавобгар ҳисобланади.



4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ўзбекистон Республикасининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида давлат ва корпоратив харидларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ваколатли орган этиб белгилансин.



5. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:



Ресурслар ягона миллий маълумотномаси ва Давлат харидлари ягона ахборот портали яратилиши ҳамда 2018 йил 1 январдан ишга туширилишини таъминласин;



бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини белгиланган тартибда киритсин:



давлат (корпоратив) харидларини рақобат асосида амалга оширишнинг шаффоф ва очиқ механизмини, ушбу соҳада коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни;



давлат (корпоратив) харидларига тадбиркорлик субъектлари кенг жалб қилинишини;



давлат (корпоратив) харидлари иштирокчилари учун шикоят қилишнинг мустақил ва самарали тизими ҳамда тартиб-таомилларини яратишни;



электрон харидларни янада ривожлантириш, натижаларни таҳлил қилиш учун маълумотлар ягона базасини, харидларнинг зарур параметрларини ташкил этишни.



6. Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.



7. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.



8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М.Садиков зиммасига юклансин.




Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ



Тошкент шаҳри, 2017 йил 23 август




* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

“Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив

харидларини амалга оширишнинг замонавий шакл ва услубларини

янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига

ШАРҲ


Мамлакатимизда давлат ва корпоратив харидлари механизмини янада такомиллаштириш, тендер савдоларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича изчил ва комплекс ишлар амалга оширилмоқда.



Хусусан, электрон савдолар жорий этилди, Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасининг махсус ахборот портали яратилди, товарлар (ишлар, хизматлар) хариди бўйича, шу жумладан, инвестиция лойиҳалари доирасида кўп поғонали идоралараро тендер комиссиялари ташкил этилди.



2016 йил ва жорий йилнинг 7 ойида Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси майдончаларида 1,7 триллион сўмдан ортиқ суммада 95 мингдан ортиқ битимлар тузилди.



Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил кўрсатдики, давлат ва корпоратив харидларининг ҳамда тендер савдоларини ташкил этишнинг амалдаги тартиби замонавий талабларга жавоб бермайди, турли хил коррупция кўринишлари учун шароит яратадиган кўплаб келишиш босқичлари, бир-бирини такрорлайдиган тартиб-таомиллар ва сансалорлик ҳолатлари мавжуд. Бундан ташқари, тендер жараёнларининг чўзилиши, нарх-навони манипуляция қилиш, товарларнинг сифати, тавсифи ҳақидаги маълумотларни бузиб кўрсатиш ва электрон савдода тузилган битимлар бўйича товарларни етказиб бермаслик ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда.



Бюджет ташкилотлари томонидан товарлар (ишлар, хизматлар) харидининг амалдаги меъёрлари ва тартиби товар-моддий бойликлар, шу жумладан, уларнинг энг зарурлари (канцелярия буюмлари, компьютер техникаси ва автотранспортни таъмирлаш) билан нормал ва барқарор таъминлашда қийинчиликлар туғдирмоқда.



Охир-оқибатда бу лойиҳалар, шу жумладан, хорижий ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари амалга оширилишининг кечиктирилишига олиб келмоқда.



Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабул қилинган қарори:



иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган, битта контракт бўйича 5 миллион АҚШ долларидан юқори эквивалентдаги инвестиция лойиҳалари доирасида товарлар (ишлар, хизматлар)нинг хариди юзасидан тармоқ идоралараро тендер комиссияларини тугатишни;



лойиҳа ташкилотлари томонидан тайёрланган тендер ва лойиҳаолди ҳужжатларини таклиф этилаётган технология ва асбоб-ускуналар бўйича технология, асбоб-ускуналарни танлаш ва нархларни шакллантириш қисмида экспертизадан ўтказиш функциясини бажарадиган ихтисослашган тармоқ эксперт кенгашларини тугатишни;



битта контракт бўйича 300 АҚШ долларидан 100 минг АҚШ долларигача эквивалентдаги товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидларини Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси томонидан ташкиллаштириладиган электрон савдолар орқали амалга оширишга оид талабни бекор қилишни назарда тутади.



Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш мақсадида янгидан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига ресурслар ягона миллий маълумотномаси ва давлат харидлари ягона ахборот портали яратилиши ҳамда 2018 йил 1 январдан ишга туширилишини таъминлаш, шунингдек, бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди:



давлат ва корпоратив харидларини рақобат асосида амалга оширишнинг шаффоф ва очиқ механизмини, ушбу соҳада коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни;



давлат ва корпоратив харидларига тадбиркорлик субъектлари кенг жалб қилинишини;



давлат ва корпоратив харидлари иштирокчилари учун шикоят қилишнинг мустақил ва самарали тизими ҳамда тартиб-таомилларини яратишни;



электрон харидларни янада ривожлантириш, натижаларни таҳлил қилиш учун маълумотлар ягона базасини, харидларнинг зарурий параметрларини ташкил этишни.



Шу билан бир қаторда, Агентлик Ўзбекистон Республикасининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида давлат ва корпоратив харидларини ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.



2018 йил 1 январга қадар ноаниқликларни бартараф қилиш ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида давлат ва корпоратив харидлари қуйидаги эквивалентларга мувофиқ, яъни:



1 минг АҚШ долларидан кам бўлган битта контракт – нархи, сифати ва товарлар (ишлар, хизматлар)ни етказиб бериш муддати бўйича энг мақбул келадиган шартларни таклиф қилган етказиб берувчи билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали;



1 мингдан 100 минг АҚШ долларигача бўлган битта контракт – буюртмачи тузадиган идоравий танлов комиссиялари томонидан баҳоланадиган энг мақбул таклифларни танлаб олиш орқали;



100 минг АҚШ долларидан юқори миқдордаги битта контракт – буюртмачи томонидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти, шунингдек, буюртмачининг тармоқ илмий-техник кенгашларининг вакилларини мажбурий жалб этган ҳолда тузиладиган идоралараро танлов (тендер) комиссиялари ташкил этадиган танлов (тендер) савдоларини ўтказиш орқали амалга оширилади.



Бундан ташқари, мазкур харидлар бўйича техник шартлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишилган бўлиши шартлиги ҳақидаги талаб белгиланди.



Шу билан бирга, қарорда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини кучайтириш мақсадида уларнинг тендер савдоларини ташкил этиш бўйича талабларни бузганлиги ҳамда ўтказилган давлат ва корпоратив харидларининг мақсадга мувофиқлиги учун жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган шахсий жавобгар бўлиши кўрсатилди.



Қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори давлат ва корпоратив харидларининг илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва лойиҳа бошқаруви тамойилларидан фойдаланишга асосланган замонавий шакл ҳамда услубларига босқичма-босқич ўтиш йўлидаги яна бир қадам ҳисобланади.



Қарорда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши бюджет маблағларидан фойдаланишнинг самарадорлигини, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг давлат ва корпоратив харидларини амалга оширишда мустақиллиги ва масъулиятини оширишга, бюрократияни бартараф этишга хизмат қилади.