Андижон 24

ТОШКЕНТДА АНДИЖОНЛИК ҲАЙКАЛТАРОШ 7 МЕТРЛИК ТУЛПОР ҲАЙКАЛИНИ ЯРАТМОҚДА


21.05.2020   914

Инсон борки, қалби ҳамиша санъатга ошуфта. Унинг сеҳрига маҳлиё бўлиб, ҳар бир асардан ўзгача оламни излайди. Ижодкорига хавас билан боқиб, ўзи ҳам инсонларни ҳайратга солувчи мўъжизалар яратишга интилади.

Орифжон Жалоловни республикамиздагина эмас хорижда ҳам моҳир ҳайкалтарош сифатида яхши танишади. Улуғнор туманининг Мингбулоқ қишлоғидан бўлган Орифжон болалигидан санъатга меҳр кўзи билан қаради. Расмлар чизиш билан бирга ҳайкалтарошликнинг сир-асрорларидан воқиф бўлиб борди. Онасининг саъй-ҳаракатлари, қолаверса, устозларининг кўмаги билан ўз мақсади сари интилган ёш иқтидор эгаси бугун кўзга кўринган ҳайкалтарош мақомига эга бўлди. 2002 йилдан Ўзбекистон Бадиий Академиясига аъзо Орифжон Жалолов устозлари берган ўгитлардан мамнун.

- Болалигимда лойдан ҳар хил буюмлар ясардим. Машина, танк, уйларни ўхшатиш менга осон эди. Уйимиздаги тандир олдига даҳоларнинг ҳайкалини тиклаганимда раҳматли онам қўрқиб кетиб бузиб ташлагани эсимда. Устозим Муҳаммаджон ака болани пойтахтда ўқитинг, деган. Шу тариқа 1974 йилдан Тошкентдаги махсус мусиқа ва рассомчилик мактаб-интернатида 4-синфдан ўқишни давом эттирдим. Янгича муҳитга кўникиб кетдим. Павел Александрович Подосинников, Фарид Рашидович Аҳмедянов сингари забардаст устозлардан таҳсил олдим. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти бадиий графика факультетига ўқишга кирдим. Ўзбекисон халқ рассоми Абдумўмин Бойматов, Янис Салпинкиди сингари устозлардан дастгоҳли ва маҳобатли ҳайкалтарошлик, портрет йўналишларини ўргандим. Композиция, қалам-тасвир фанларига чуқур кириб бордим. Кейинчалик академик Илҳомжон Жабборов, эл ардоғидаги санъаткорлар Анваржон Раҳматуллаев, Камолиддин Жабборовлар билан амалий ишлар қилдик, - дея ёдга олади у.

Орифжон ўз ишидан қониқиш ҳосил қилсагина уни бошқаларга раво кўради. Улардан одамлар руҳий озуқа олиб, дунёқараши шаклланади, деб ҳисоблайди. Ижодкор учун инсонлар кўнглидагини ҳис эта олиш муҳим аҳамиятга эга. Бу фазилат ҳайкалтарош учун ҳам бегона эмас. Акс ҳолда яратган асарлари ҳаётийлигини йўқотади.

Ижодий устахонада ҳаёт қайнайди. Шогирдлар, маслакдошлар янги асарлар устида меҳнатда. Оддий рельеф-портретдан маҳобатли ҳайкалгача тайёрланади бу ерда. Суҳбатимиз қарийб 7 метрлик отнинг андозаси ясалаётган цехда бўлиб ўтди.

- Танлаган санъат йўналишингиз ва унинг тарихига бир оз тўхталиб ўтсангиз.

- Ҳайкалтарошлик-тасвирий санат тури. Борлиқни ҳажмли шаклларда, маконда уч ўлчамда тасвирлашга асосланади. Тасвир объекти - инсон, ҳайвонлар, табиат ва буюмлар. Унинг 2 асосий кўриниши - айланиб кузатиш имконини берувчи думалоқ ҳайкал ҳамда бир томондан кўришга мўлжалланган бўртма (қабариқ) тасвир рельеф тури бор. Ўрта Шарқ, жумладан, Ўзбекистон ҳудудида яратилган Хоразм, Суғд, Бақтрия ёдгорликлари, Тупроққалъа, Варахша, Афросиёб, Холчаён, Далварзинтепа, Қуванинг маҳобатли ҳайкал ва бўртма тасвирлари, майда ҳайкалчалар, амалий санъат буюмларини безашда ишланган турли бадиий шакллар қадимги даврнинг бой маданиятидан далолат беради.

Мустақиллик йилларида йирик бадиий ёдгорлик ҳайкаллар барпо этилди, уларда аждодларнинг ёрқин қиёфаларини яратишга эришилди. Илк намунаси Э.Алиев, Н.Бандзеладзе, В.Дегтяровлар томонидан Алишер Навоий ҳайкали Ўзбекистон миллий боғига ўрнатилди. Кейинчалик Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабзда қад кўтарган Амир Темурнинг маҳобатли ҳайкаллари, Жа-лолиддин Мангуберди, ал-Фарғоний, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Қодирий, Чўлпон каби йирик ёдгорлик асарларида тарихий шахслар қиёфаси, Алпомиш рамзий ҳайкалида халқ қаҳрамонининг бадиий талқини яратилди.

Ҳайкалтарошлик асари эл назарида туради. Инсон руҳиятига таъсири кучли. Ўткинчилар кўча, майдон, боғдаги ёдгорликларни ҳоҳласа-ҳоҳламаса томоша қилиб ўтади. Бадиий пишиқ нарсани кўрса, эстетик завқ олади. Мақомига етмаган бўлса, ҳафсаласи пир бўлади.

- Қайси тарихий асарларда ҳиссангиз борлигидан фахрланасиз?

- Мустақиллик йилларида устозларимиз билан миллий қадриятларимиз, улуғ аждодларимиз шаънини кўтаришга хизмат қиладиган кўплаб асарлар устида ишладик. Пойтахтдаги Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуаси барпо этилишида ҳайкалтарошлик намуналари иштирокидаги барча жараёнларда қатнашдим. Алишер Навоий, Алпомиш ёдгорликлари, шунингдек, пойтахтдаги кўплаб маданият ва истироҳат боғлари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари жойлашган иншоотларнинг саҳнларида мен иштирок этган ва яратган асарлар инсонларга завқ бераётганидан хурсандман.

- Ижодкор яратган асаридан сармаст бўлиб, ўзининг камчиликларини кўра олмаслиги мумкин. Шундай бўлмаслиги учун қандай йўл тутасиз?

- Асарни яратишда ҳаётий мавзуларга эътибор қаратаман. Устозлар, атрофдагиларнинг фикрига қулоқ тутиб, унинг мукаммал бўлишига ҳаракат қиламан. Аслини олганда ҳайкал ёки мажмуа бир кишининг иши эмас. Уни дунёга келишида кўплаб инсонларнинг меҳнати сингади.

Ишни бошлашдан олдин бу жойга шу нарса керакми йўқми, деган саволга жавоб топилади. Ўрни бўлса, лойиҳа ишланади. Ландшафт ва архитетектурага боғланади. Эскизи чизилади. Кортондан тайёрланган андоза ўрнатилиб, ўлчами, жойига тушиши ўрганилади. Йўл, иншоот, дов-дарахт, бошқа ёдгорликлар билан уйғунлиги мутахассисларнинг иштирокида кўрилади. Барчанинг фикри бир жойдан чиққанидан сўнггина ҳайкални яратишга киришилади. Мен ҳайкал то жойига ўрнатилганига қадар устозлар, ҳамкасбларимнинг фикрини эшитиб, ҳато ва камчиликларимни тўғрилаб бораман. Чунки улар тоза нигоҳ билан кўради.

- Тайёр асар ёқмаса ёки ҳато ўтиб кетган бўлса қайта ишланадими?

- Бу каби ҳолатлар нафақат менда, ҳатто таниқли ҳайкалтарошларда ҳам бўлган. Асардаги битта етишмовчилик ёки ортиқча детал уни мазмунига путур етказади. Уни тўғриламаслик мумкин эмас. Керак бўлса бир неча маротаба бузиб, қайта қурамиз.

- Меҳнатингиз зое кетганига ачинмайсизми?

- Ҳайкалтарошлик асари тарихга даҳлдор. Асрлар давомида турадиган ёдгорлик учун арзийди. У барча талабларга жавоб берадиган тарзда яратилсагина боқийлигига ишонч билдирса бўлади. Тарихда тасодифий омадлар жуда камдан кам ҳодиса. Асосийси мақсадни аниқ белгилаб олиш ва ақл билан меҳнат қилишдир.

Бугун Орифжон Жалолов мамлакатимизда қад ростлаган кўплаб ҳайкалларнинг барпо этилишига ўзининг ҳиссасини қўшганидан ҳақли равишда фахрланади. Улардан инсонлар маънавий озуқа олиб, тарих ва бугунни, яхши ва ёмонни солиштириш, қиёслаш имкониятига эга бўлаётганидан, эзгулик ҳамиша ғолиб эканлигини англаш учун хизмат қилаётганидан қувонади.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ёнидаги устахона қишин-ёзин ижодкорлар билан гавжум. Бу ерда кўплаб тарихий асарлар дунёга келган. Айни кунда қаҳрамонимиз қарийб 7 метрлик араб тулпори ҳайкалини якунлаш арафасида.

- Бундай асарни яратиш кўплаб ҳайкалтарошларнинг орзуси саналади, - дейди академик Илҳомжон Жабборов. – Ҳар томонлама тўлишган тулпорнинг олдинга интилиб турган кўринишида эркинлик, жасурлик, куч-қудрат тимсоли акс эттирилган. Бу каби катта ўлчамдаги от ҳайкали илк бор яратиляпти, десам адашмайман. Катта ўлчамдаги ишларнинг эса ўзига хос ташвишлари бўлади. Орифжон уларни сабр-матонат, чидам билан енгиб ўтмоқда. Ўйлайманки, асар ўзбек ҳайкалтарошлигидаги ноёб дурдоналардан бири бўлиб қолади.

Ушбу ёдгорлик Тошкент шаҳридаги сиҳатгоҳларнинг бирига ўрнатилиши режалаштирилган. Сўнгги юмуш - қолипга олиш ишлари ҳам поёнига етиб бормоқда. Унинг асрлар давомида қад ростлаб туриши учун анъанавий ва замонавий усуллардан унумли фойдаланилмоқда.

Орифжон Жалолов вилоятимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларига хавас билан боқади. Уларда ўзининг ҳам ҳиссаси бўлишини ҳохлайди. Шунинг учун вилоят ташриф қоғозига айланадиган лойиҳа устида изланишлар олиб бормоқда. Унда меҳнаткаш Андижон халқининг ўтмиши ва бугуни, орзу-ҳаваслари, замонамиз қаҳрамонларини акс эттиришни ният қилган. Бу ҳақида келгуси суҳбатларимизда бафуржа гапириб беришни ваъда қилган ҳамюртимизга кўзлаган эзгу мақсадларига эришишини тилаб қоламиз.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ.

Тошкент.