ЖАМИЯТ

ТОРТИШИШ КУЧИНИ ЕНГИБ ЎТИБ


11.04.2021   1117

Андижон шаҳридаги 25-умумтаълим мактабида Бутунжаҳон авиация ва космонавтика кунига бағишланган фестиваль бўлиб ўтди. Уни нафақат санага аталган байрам, балки очиқ осмон остидаги кўргазмали очиқ дарс, дейиш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг физика фанини чуқур ўқитиш топшириғи асносида ташкил этилган фестивалда фазога инсон қадами етганининг 60 йиллигига оид кўплаб қизиқарли маълумотлар келтирилди.

Жумладан, “Заковат” интеллектуал ўйинида иштирок этган Қўрғон-тепа (5-мактаб), Избоскан (16-мактаб), Асака (24-мактаб), Шаҳрихон (4ДИМИ) туманлари ва Андижон шаҳри (25-мактаб) жамоалари ўз билимларини намойиш этдилар. Улар ПИСА дастури бўйича ҳамда физика фанидан савол-жавоблар, тестлар топшириш баробарида космонавтикага оид рефератлар тайёрладилар. Ҳар бир номинация бўйича ғолиблар аниқланди.

Айни дамда мактаб ҳовлисида Андижон шаҳридаги 55 та мактабдан ташриф буюрган ўқувчилар робототехника, ҳаракатланадиган моделлар ва фазовий ракеталар йўналиши бўйича кўргазма ташкил қилдилар. Унда энг фаол иштирок этган 3-, 4-, 5-,14-, 25-, 29-, 37-мактаб жамоаларининг изланишлари эътироф этилди.

Айни вақтдамактаб стадионида лайлак, варрак ва ҳажмли варрак тайёрлаш ва учириш мусобақаси бўлиб ўтди. Уни ўтказишда доимий ҳамкор – мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти мутасаддилари яқиндан ёрдам бердилар. Юз метр ва ундан юқорига кўтарилган турфа рангдаги, турли кўринишдаги ўнлаб варракларни томоша қилишга йиғилган маҳалла ёшу кексаси мириқиб дам олдилар.

Байрамона руҳни олиб киришга Андижон шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактаби оркестри катта ҳисса қўшди. Тантанавор садолар остида мактаб ўқувчилари сафда юриш, ҳарбий машқларни бажариш кўникмаларини намойиш этдилар.

Тадбирни ўтказишда физика фани ўқитувчиси, 54 йиллик меҳнат стажига эга устозимиз Раънохон Юлдашева катта ҳисса қўшди, дейди 25-умумтаълим мактаби директориДилфузахон Аҳмадалиева. – Бу каби фестивалларанъанавий бўлиб қолади.

Ўз мухбиримиз.