Хорижда

ТОМСКДАГИ ЎЗБЕКЛАР КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ КУРАШАЁТГАН ШИФОКОРЛАРГА БЕПУЛ ПАЛОВ ТАРҚАТМОҚДА (+фото)


09.11.2020   3617

Россиянинг Томск шаҳрида ўзбек диаспораси вакиллари коронавирус билан касалланганларни даволашга ихтисослашган касалхоналарнинг ходимларига палов тайёрлаб тарқатмоқда. Волонтёрлар шифокорларни миллий таом билан икки ҳафта таъминлашни режалаштирган, деб ёзади ТV2.

Шифокорлар учун палов «Дўстлик» ўзбек маданий ташкилоти волонтёрлари томонидан тайёрланмоқда. Таомнинг биринчи порцияси 2 ноябрь куни пиширилган бўлиб, тўрт кун ичида 1600 та овқат солинган контейнер тарқатилган. Шунингдек, улар яна икки минг порция палов, шунча салат ва 600 та нон тайёрлашни режа қилган. Палов шаҳардаги 11 та касалхонага тарқатилмоқда.

Шифокорларга ўзбек паловини тарқатиш ғоясини Ўктам Маҳмудов билдирган, диаспоранинг қолган аъзолари ва унинг раҳбари Саматулла Рўзиев қўллаб-қувватлаган. Томсклик ўзбеклардан сўнг Омск ва Кемеровадаги диаспора ҳам тиббиёт ходимларини тушлик билан меҳмон қилишни бошлаган.

«Инсоният учун ўз кучи ва соғлиғини, шунингдек, ҳаётини бериб, тиним билмаётган инсонларга ҳурматда бўлайлик. Ойлик — бу бошқа, бу меҳнат учун ҳақ. Бундай усулда миннатдорчилик билдириш эса бошқа. Шифокорлар хурсанд, биз ҳам уларга яхшилик қилганимиздан мамнунмиз. Бу каби оғир вазиятда бир-биримизга ёрдам беришимиз муҳим», — дейди Саматулла Рўзиев.

Палов кафеда эмас, очиқ осмон остида тайёрланмоқда. Қозон «Азалия» гуллар дўконининг орқа ҳовлисига жойлаштирилган. Унга 50 килограмм палов сиғади. Таомни тайёрлаш ва тарқатиш билан 40 га яқин одам шуғулланмоқда.

Манба: Daryo.uz