Бугуннинг гапи

ТИЙИННИ ФАРҚИГА БОРМАГАН МИЛЛИОННИ ҲАМ БИЛМАЙДИ


07.09.2019   133

Шундай одамлар борки, уларнинг суҳбатидан завқ оласан. Ҳаракатларидан фидойилиги, ишга чанқоқлиги, тиришқоқлиги сезилиб туради. Мирзасойиб ака Мирзасолиев ҳам ана шундай инсонлардан. У Булоқбоши туманидаги “Мирзасойиб Мирзасолиев” номли фермер хўжалигига 2005 йилда асос солган. Ҳар йили пахта, ғалла сотиш бўйича белгиланган давлат шартномасини бажариб келади.

У билан суҳбатимиз мароқли ўтди. Кўп йиллик тажриба, ўқиб ўрганишлар ортидан ўз соҳасининг билимдонига айланган фермернинг замон билан ҳамнафас қадам ташлаб, янада ғайрат-шижоат билан ишлашга интилаётгани айрим танбал ёшлар учун ибрат бўлса арзийди.

- 70 ёшни қарши оляпман, - дейди Мирзасойиб ака. - Олдин бу каби шароитлар йўқ эди. Ҳозир ҳаммаси бор. Шиддат билан ривожланиш кетяпти. Қонунларимиз жойида. Фақат улардан фойдалнишни билмаймиз. Чунки ўзимиз ўқимаймиз. Ўқисак ҳам уқмаймиз. Вилоятимиздагидек вилоят йўқ. Биринчидан қуёш биз томондан чиқади, иккинчидан оби-ҳаётни бошидамиз. Ҳақиқий экологик тоза сув келади. Шунинг учун Андижон ривожланаверади.

Иш бошлаганида 33 гектар майдонда деҳқончилик қилган фермер ҳозир 151 гектарда пахта, ғалла етиштиради. Ўтган йили 160 тонна пахтани фақат юқори навларга сотди.

- Мақсад фойда кўриш, унинг ортидан хўжаликни ривожлантириш бўлгач, кун ўтсинга ишламаслик керак, - дея фикрини давом эттирди у. - Юқори навга сотмасам фойдам кўнгилдагидек бўлмайди. Наф бўлмаса пахта экишдан маъно йўқ. Чет эллик тадбиркор ҳисоб китобда бир тийин зарар кўрадиган бўлса ҳам ҳаражат қилмайди. Бизда таваккалчилик. Тийинни фарқига бормаган одамга миллионнинг аҳамияти йўқ.

Фермер бўлганимда 1 та лопатка, кетмоним бор эди. Меҳнат ортидан 3 та чопиқ, 2 та транспорт, 2 та ҳайдов трактори, 3 та культиватор, 2 та ОВХ, 2 та сеялка,1 та “Класс” русумли комбайн олдим. Фермерлар деҳқончиликдан олган фойдасига шахсий машина олганида мен қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилдим. Ўшанда битта трактор 156 миллион сўм эди. Ҳозир 700 миллион. Техникадан қийинчилигим йўқ.

Мирзасойиб ака ишчиларга шароит яратиш, манфаатдорлигини ошириш, меҳнатига яраша рағбатлантириб боришга ҳаракат қилади.

- Хўжалигимда меҳнаткаш, узоқ йиллик тажрибага эга бўлган сувчи ва механизаторлар меҳнат қилишади, - дейди фахр билан Мирзасойиб ака. - Улар картадаги ҳар қарич ерни кафтдек билишади. Қандай сув тараш керак, ўқариқни қаердан қазиса бўлади, дори, шарбатни қачон бериш керак буларнинг барчасини маслаҳатлашиб, мулоҳаза билан бажарамиз. Сувчилар Сойибжон Матҳолиқов, Исоқжон Нажмиддинов, комбайн операторлари Миролим Нажмиддинов, Қобилжон Юсупов, механизаторлар Абдулла Шарофиддинов, Муроджон Матҳолиқовлар ўз ҳунарини издошларига ўргатиб келаётганлардан

Қишлоқ хўжалигига ихтисослашган олий ўқув юртларида фермер хўжаликлари учун квоталар ажратиш керак. Тажрибали сувчиларимиз нафақа ёшига етиб қолди. Ёш кадрларни ўқитиб, контракт пулларини тўласам тайёр мутахассис бўлиб ёнимга келади. Олий маълумотлимутахассис ўз ишини билиб қилади. Муаммоларим камаяди. Комбайн операторини ўзим ўқитдим. Ҳарбий хизматга бориб келди. Оиласидан кўнгли хотиржам. Меҳнатдан қочмайди ва баракали иш қилади.

Дастлаб педагогика кейин пахтачилик институтларида ўқидим. Бутуниттифоқ профсоюз мактабини тамомладим. Ҳозир ҳам соҳамга доир ёки бадиий адабиётларни мутолаа қилиб бораман. 19 номдаги газета, журналларга обуна бўлганман. Ўғлим Мирзоҳид хўжаликда асосий иш юритувчи бўлиб ишлайди. Набирам Отабек Тошкент аграр университетини битирди. У ҳам менга ёрдамчи. Кичик набирам Беҳрўзбек ҳам таътил кунлари мен қаерга борсам ортимдан қолмайди.

- Ёшлигимиздан бирга катта бўлганмиз, - деди меҳнат фахрийси Абдуманноб ака Мунирхонов. - Бирга ўқидик. Болалигидан интилувчан, изланувчан эди. Бирор мақсадни олдига қўйса унга етишмагунча ҳаракат қилади. Маҳалламизда обрў-этиборга эга. Хайрли ишларда доим бош-қош бўлади. Деҳқончилик бобида ҳам унга тенг келадигани кам.

- Одамда мақсад бўлиши керак, - дея суҳбатга қўшилди Мирзасойиб ака. - Энди фоизлар ортидан эмас даромад ортидан қувишимиз керак. Тонналар ҳақида эмас сифатни ўйлашимиз лозим. “Бухоро – 6” навли ингичка толали пахта экмоқчиман. Бунинг учун менга сармоя керак.Бизда барча шароитлар бор. Президентимиз фермерларни қўллаб-қувватлаяпти. Фермерлар эркинлигини янада ошириш вақти келди. Банклардаги ҳисоб-китобларини ўзларига қўйиб бериш муҳим. Шартномаларда бир томоннинг манфаатини эмас фермерларникини ҳам қўшиш зарур. Уларни амалда ишлашига эътибор қаратиш ҳуқуқий давлатга хос. Шартнома тузилади, тасдиқланади, лекин ижрога келганда оқсалади. Айрим фермерларнинг ҳуқуқий саводхонлиги саёз. Ҳақ ҳуқуқини танимайдиганлари ҳам бор.

Экин майдонига насосда сув чиқарамиз. Сув қўйиш техникаси бузилса, бутун агротехника издан чиқади. Гидропоникани йўлга қўймоқчиман. 20 сотих ер олиб, тош кесадиган цех қилмоқчиман. У ишга тушадиган бўлса, 20 нафар қишлоқдошим ишли бўлади.

Фермер маҳалла хотин-қизларини иш билан таъминлаш мақсадида “Мирзо текстиль” корхонасига асос солди. 12 иш ўрни яратилиб, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариляпти. Гулираъно Мирзасолиева иш бошқарувчи. Қизлари Дилнавоз, Камолалар ёзги таътилда тикув-бичувни ўрганиш билан бирга оилаларига ҳам даромад олиб киришяпти. Ишчилар Шоҳидахон Асқарова, Одинахон Каримова ишли бўлганидан мамнун.

Суҳбатдошимиз ўз сўзида экин майдонини 200 гектарга олиб чиқиш нияти борлигини айтди. 150 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти сиғимига эга музлатгич олиб келди, 60 бош қорамол боқиш учун молхона қурди. Ҳозир 15 бош ҳайвон боқилмоқда. Тез кунда улар сони наслли қорамоллар эвазига кўпайтирилади. Эндиликда автомобилларни ювиш шохобчаси, сузиш хавзаси ташкил қилишни мақсад қилган. Замонавий типдаги ҳавза ўзини ўзи тозалайди. Меҳмонлар оилавий келиб дам оладиган алоҳида коттежлар барпо этишни режалаштирган.

Ўзи таъкидлаганидек ниятни холис қилиб, олис чўққиларни кўзлаган одам албатта етишади. Юрт манфаати учун куйиниб, ҳаловатини фермерликни ривожлантиришга бахшида этаётган Мирзасойиб акага ўхшаганфидойилар кўпайса, соҳада янада юксалиш бўлади.

Суратда: Муроджон Матҳолиқов, Абдулла Шарофиддинов фермер хўжалиги раҳбари Мирзасойиб Мирзасолиев билан.

Суратда: Фермер уста сувчилар билан суғориш ишлари ҳақида фикрлашмоқда.

Суратда: иш бошқарувчи Гулираъно Мирзасолиева тикувчи қизлар Шоҳидахон Асқарова, Одинахон Каримова. Қизлари Дилнавоз, Камолалар билан.