Бугуннинг гапи

ТИВ Ухандан қайтган ўзбекистонлик талабаларга мурожаат билан чиқди


28.01.2020   85

Хавфли коронавирус ўчоғи бўлиб қолаётган Хитойнинг Хубей провинциясида 166 нафар Ўзбекистон фуқароси доимий асосда яшайди. Январь ойида провинцияга 14 нафар ўзбекистонлик борган.

Бу ҳақда Хитой Иммиграция бошқармаси берган дастлабки маълумотларга асосланиб, Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси ва Шанхайдаги бош консулхонаси маълум қилган.

Бундан олдин Хубей провинцияси маркази – карантиндаги Ухан шаҳрида яшовчи ўзбеклар асосан талабалар экани, уларнинг аксарият қисми семестр якунлангани туфайли ватанга қайтгани хабар қилинган эди. Эндиликда улардан шошилинч равишда масъуллар билан алоқага чиқиш сўралмоқда.

«Элчихона январь ойида Ухандан ватанга қайтиб келган ўзбекистонлик талабаларни зудлик билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан (+998909882330, директор ўринбосари Б.Қурбонов, +998972755074 бош мутахассис Ф. Қурбонбеков) телефон орқали боғланишни қатъиян тавсия қилади», – дейилади ТИВ билдиришида.

«26 январь куни Хитой ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Ухан шаҳри ва Хубей провинциясининг унга яқин жойлашган бошқа шаҳарларида истиқомат қилувчиларнинг карантин ҳудудидан чиқиб кетишларига йўл қўймаслик бўйича чораларни кучайтирди. Расмий идоралар вирусни юқтирганлар, айниқса у ерда бўлиб турган хорижий фуқаролар профилактикасига катта эътибор қаратмоқда.

Элчихона Хитойнинг тегишли ҳукумат идоралари билан доимий алоқада бўлиб турибди, ҳамюртларимизга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда давом этмоқда ва улар ўртасида тушунтириш ишлари олиб бормоқда. Хусусан, ижтимоий тармоқларга аҳолини саросимага солувчи миш-мишларни рад этувчи видеоматериалларни ҳамда зарурий эҳтиёт чораларини кўриш бўйича эслатмаларни жойлаштирмоқда.

Ҳозирда Хитой томони Ухан шаҳридан чет эл, жумладан Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилишга қўйилган тақиқни бекор қилгани йўқ», – дея қўшимча қилинган Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.