ЖАМИЯТ

ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК ШУКРОНАСИ


02.09.2021   1320

Тинчликнинг энг улуғ неъматлардан экани ҳаммамизга маълум. Унинг қадрига етмоқ, уни асраб авайламоқ бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Тинчликни сақлаш, уни бардавом бўлиши йўлида ҳар бир инсон ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши лозим. Тарихда ўтган улуғ шахслар, хусусан, барча пайғамбарларнинг чақириғи, йўллари шу бўлган. Зеро, пайғамбарларга юборилган динларнинг асоси инсон ва унинг дахлсиз яшаши, унинг моли, жони, обрўси ва динини муҳофаза қилишга қаратилган.

Қуръони каримнинг кўплаб ўринларида кишиларни тинчликка, ўзаро тотувлик, ҳамжиҳатликка чорланган, Яратгандан офиятни, хотиржамликни сўраш лозимлиги уқтирилган. Иброҳим а.с.нинг Макка шаҳри ҳақига қилган дуоларида бунинг тасдиғини кўрамиз. Бақара сурасининг 126-оятида шундай марҳамат қилади: “Роббим, буни омонлик шаҳри қилгин ва Аллоҳга, охиратга имон келтирган аҳлини турли мевалар билан ризқлантир”, деганини эсланглар.

Ушбу дуода Макка шаҳрига тинчлик ва унинг аҳлига ризқ сўраганлари зикр қилинган. Демак, ўтган пайғамбарлар ҳам ўзлари яшаб турган юртларга, қолаверса бутун инсониятга тинчликни сўраб дуо қилганлари айтиб ўтилган.

Юқорида зикр этилган Иброҳим алайҳиссаломнинг Макка шаҳри борасида қилган дуоларида биз эътибор қаратишимиз лозим бўлган бир муҳим нукта бор. Ваҳоланки, ўша пайтда Макка шаҳри тинч эди. Тинч бўлиб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш шу жойда тинчлик бардавом бўлсин дейишни ифодалайди. Демак, тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш мақсадга мувофиқ амаллардан экан. Шу билан бирга оятда аввал тинчлик, сўнгра ризқ сўралганидан тинчликнинг ризқдан-да муҳимроқ, улуғроқ неъмат эканлиги маълум бўлади.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти). Барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукурлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Шу азиз Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш, салоҳиятини янада юксалтириш барчамизнинг, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.

Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ,

Олтинкўл туман бош имом-хатиби.