ЖАМИЯТ

ТИНЧЛИК ҚЎРҒОНИНИ ҚУРГАНЛАР ҚОШИДА ҲАМИША ТАЪЗИМДАМИЗ!


15.08.2020   510

Раҳматли бобомнинг, момомнинг уруш хотираларини кўзларида ёш билан сўзлаб берганларини кўп тинглаганман. Уларнинг салобатлари юксак, медалларга тўла кийимлари эса оловли кунлар поёни сифатида кўринарди. Англардимки, уларнинг эрк ҳақидаги тушунчалари бизникидан юз, минг баробар буюкроқ эди...

Шиддатли жангларнинг гувоҳи бўлганлар билан кейин ҳам кўп суҳбатда бўлдим. Уларнинг айтганлари бўйича ўзимча хаёлан тасвирлар чизишга уринардиму, энг олий неъмат юрт мустақиллиги эканлигини англагандек бўлардим...

Ватан... гоҳи оқ, гоҳи қора ўтмиш саҳифаларини ўзида жо айлаган муқаддас битик...

Ватан...Истиқлол негизида янада кўрк очаётган обод маскан...

Ватан... энг буюк ҳақиқат, энг олий иноят...

Суронли кунлар заҳматини чекканлардан, мусофирликнинг оғир юкини кўтарганлардан тинчлик қадрини бир сўраб кўрганмисиз? Мен тупрғимизни юзларига босиб, тўйиб-тўйиб ҳидлаганларининг гувоҳи бўлганман... Улар юрт бўйини, эрк исини сизу биздан кўра яхшироқ сезадилар...

Бахтнинг асл илдизи Ватан қучоғида. Юрт бағрида эркин яшашга не етсин? Кунларимизнинг фаровонлиги, тонгларимизнинг оппоқ отиши, тунларимизнинг беҳадик ўтаётгани олий толе аслида.

Атрофга боқаман: қанча юксалишлар, қанча тараққиёт неъматлари, улкан ўзгаришларга йўғрилган бунёдкорликлар... Ёшларга қарайман: нигоҳларида эртанги кунга ёруғ умид, қалбларида билимга ташналик, қўлларида эзгу ташаббуслар... Кексаларга назар ташлайман: Қўллари дуода, тилларида шукроналик... Дастурхонлар файзли, хонадонлар обод.

Нуронийларимизнинг хайрли бир дуоси бор: “Тинчлимизни ЎЗИ асрасин!” Болалигимда бу дуо мағзинияхши англамасдим. Ёўим улғайгани сари эшитганларим, кўрганларим, ўқиганларим асносида бу дуо негизида жуда катта маъно-моҳият мужассам эканлигига амин бўлдим. англадимки, энг буюк бахт Ватан тинчлиги экан. Тинчлик ҳукмрон жойда юксалиш, янгиликларга интилиш, бунёдкорлик, тараққиёт юз очавераркан.

Фаолиятим сабаб аҳоли билан кўп мулоқот қиламан. Яратилаётган имкниятлар, қулай шарт-шароитлардан кўкси тоғ юртдошларимни кўриб енгил тин оламан. Ахир буларнинг барчаси истиқлол шарофатику!

Айни вазиятга нигоҳ ташлайлик. Пандемия авж олган паллада ҳам халқимиз саросимага тушмади, оч қолмади, кўмаксиз бўлмади. Албатта, мустақиллик берган улуғ неъматлар туфайли дон-дунимиз, серунум еримиз, олтин унар тупроғимизда етиштириладиган озиқ-овқат маҳсулотлари доимий заҳира билан юртдошларимизни қўллаб турибди.Ҳеч соҳада иш тўхтамади. Масофадан туриб ишлашга, таълим беришга, таълим олишга имкониятлар яратилди. Ахир ўйлаб кўрайлик, юртда тинчлик бўлмаса, бу имтиёзлар кўнгилга сиғармиди?! Асло!

Кўнглимдан кечганларини қоғозга тушираман: юртим, бағринг узра кезаётган эрк шабодаси маст этади дилни. Мусаффо осмонинг қадар юракда орзиқиш. Тинчлигимиз абадий бўлсин!

Умидахон ЗОКИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.