Бугуннинг гапи

Тинчлигимиз тантанаси бу


14.01.2018   1388

Соат 09:00. Ниҳоят байрам тантаналари бошланди. Хотира майдонига вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида йиғилган ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, фахрийлар, жамоатчилик вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари Мотамсаро она ва Мангу олов томон қадам босдилар. Мунгли мусиқа садолари остида юртимиз тинчлигини сақлаш йўлида мардларча ҳалок бўлган юртдошларимизни ёдга олиб уларнинг хотирасига ўрнатилган хайкаллар пойига гулчамбарлар қўйилди.

Шундан сўнг ҳарбийлар саф тортиб, шахдам қадамлар билан тантанавор марш садолари остида тадбир иштирокчиларининг ёнидан юриш бошлади. Уларга қараб барчанинг кўнглидаги хотиржамлик, шукроналик хисси янада мустаҳкамланди. Мана шундай мард ва довюрак ўғлонларимиз бор экан кунларимиз осуда ўтишлигига бўлган ишонч ортди.

Зобитларнинг чиқишларида йигитларимизнинг машқларда тобланаётгани, Миллий армиямизнинг куч-қудрати мард ўғлонлар билан ортиб бораётгани гавдаланди.

- Бугун ҳарбий акаларимизнинг ҳаракатларини кўриб, Ватан ҳимоячиси бўлишга қаътий қарор қилдим,-дейди Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят бўлими қошидаги бирлашган техника мактаби чақирилувчиси Хусниддин Қаюмов.- Юртдошларимиз Ватан ҳимоячиларига шундай ишонч ва ҳавас билан қарамоқда. Бу шараф, бу масъулият. Яна спорт билан шуғулланиш йигит киши учун қанчалик зарур эканлигини ҳам англаб етдим.

Хусниддин каби ёниб, олдинга интилиб турган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг ҳаётга янада теран кўз билан қараётгани қувонарли.

Байрам тадбирлари давом этмоқда.

Акбаржон Назаров,

Рустамжон Эшонов,

Жаҳонгир Содиқжонов.

«auz.uz» online гуруҳи аъзолари.