Жамият

ТЕНГДОШИНИНГ КЎКСИГА ПИЧОҚ УРИБ ЎЛДИРГАН ЎҚУВЧИГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ


28.06.2019   618

2018 йилнинг апрель ойида безорилик қилиб тенгдошининг кўксига пичоқ уриб ўлдирган 9-синф ўқувчиси, вояга етмаган фуқаро Ш. А.га ўтган йилнинг сентябрь ойида Жиноят ишлари бўйича вилоят суди ҳукмига асосан 8 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Бу ҳақда вилоят суди судья катта ёрдамчиси Комроншоҳ Расулов хабар бермоқда.

Вилоят суди судьяси А.Мирзаевнинг маълум қилишича, 2002 йилда туғилган, вояга етмаган Ш.А. 2018 йилнинг 7 апрель куни соат 11.30 ларда Андижон шаҳри, Ғайрат маҳалласи, 1-тор Ҳаққулобод кўчасидаги 15-уй олдида, жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, 2002 йилда туғилган М.С. билан жанжаллашиб, “ким зўр” безорилик оқибатида, ёнида бўлган пичоқ билан уни чап кўкрак соҳасига бир марта уриб, тенгдошини қасддан ўлдирган.

Судланувчи судда айбига иқрор бўлиб, 7 апрель куни ўртоғи М. А. билан телефон орқали гаплашганида шаҳардаги 29-мактабда ўқийдиган М.С., Ш.К.лар 20 нафар шериклари билан мактаб олдида уришиш учун кутиб тургани айтган. Шундан сўнг у уйидан ёғоч дастали ҳўжалик пичоғини ўзи билан бирга олиб чиққанини, 1-тор Ҳаққулобод кўчасига етиб келишганида, М.С. ва бошқа шериклари уларни ўраб олганини, М.С. уриш учун ташланганида ёнидаги пичоқ билан унинг чап кўкрак қисмига бир марта урганини, воқеа жойида қочиб кетаётганида қўлидаги пичоқни томга улоқтириб юборганини, уйига бориб бўлган воқеани онасига айтиб берганини, М.С.ни касалхонага етиб келмасдан ўлганини эшитганини, қилмишидан пушаймонлигини билдириб кўрсатма берди.

Суд ҳукмига кўра, Ш. А. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг «л» банди билан айбли деб топилган ва унга ЖКнинг 85-моддаси тартибида 8 (саккиз) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони тарбия колонияларда ўташи белгиланган.