ЖАМИЯТ

ТЕМИР ИНТИЗОМ, МАСЪУЛИЯТ, САБР ВА ЮКСАК ИНТИЗОМ... НИМА УЧУН КЕРАК?


21.04.2020   780

Бутун дунёни, хусусан, мамлакатимизни ҳам ташвишга солаётган коронавирус пандемиясига қарши кураш майдонида турибмиз. Тан олишимиз керак, мазкур синовли кунлар бизни ҳар жиҳатдан имтиҳон қилаётир. Тўғри, юртдошларимизда таҳлика ҳам, саросима ҳам бор. Айниқса, эълон қилинган карантин вақтида бу ҳолат янада кучаймоқда. Қайси маънодаки, саломатликни муҳофаза қилиш, инфекциянинг тезроқ бартараф этилишига эришиш, келажакни асраб қолиш...

Айни дамда карантин сабабли ҳозирда масофадан туриб фаолиятимизни давом эттиряпмиз. Мамлакатимиздаги барча мактаб ўқувчилари учун онлайн дарслар ташкил қилинган. Бундан ташқари, биз ўқитувчилар улар билан телеграмм канали орқали доимий мулоқотдамиз. Муҳтарам Президентимизнинг пандемия оқибатларини олдини олиш борасида халқимизга қилган мурожаатларидаги “Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг. Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг”, деган гапларини барча ўқувчилар дечрли дастуриламал қилишга улгуришди. Уларга худди фарзандларимиздек меҳримиз тушган. Шахсий гигиенага амал қилиш, карантин қоидаларини бузмаслик борасида ҳам доимий равишда онлайн тавсияларни бериб эслатиб турибмиз.

Ўзим эса муҳтарам Президентимизнинг “Ўн йиллар давомида оиласига, фарзандларига етарлича вақт ажратолмаган инсонлар ҳақида эшитяпмиз. Бунда ҳам бир ҳикмат бор. Имкониятдан фойдаланиб, фарзандларингиз тарбияси билан қаттиқроқ шуғулланинг, келажагига кўпроқ қизиқинг...
Бу синовлардан кам талафот билан ўтиб олишимиз учун, аввало, Аллоҳдан мадад сўраймиз. Шунинг баробарида биздан бугун темир интизом, масъулият, сабр ва юксак тафаккур талаб этилади”, деган сўзларидан жуда таъсирландим. Дарҳақиқат, кўп ҳолларда оиламиз учун ажратолмаган вақтимизни бугун улар билан бирга ўтказяпмиз.Ҳам масофадан туриб, педагоглик масъулиятини аввалгидан кучлироқ ҳис қилган ҳолда онлайн дарсларни ўтяпмиз, ҳам уйда оиламиз билан кўпроқ вақт ўтказяпмиз.

Муҳими, бу синовли кунларни биргаликда енгишимиз! Мардона халқимиз айни кунга қадар не-не имтиҳонли паллаларни бошидан кечирмаган. Мазкур машаққатли даврда ҳам саросима ва таҳликага тушмай, мамлакат эртаси, келажагимиз ёруғлиги учун бирдамликда қадам босади.

Нигорахон ХОЛМИРЗАЕВА,

Андижон шаҳридаги 13-ИДУМнинг

бошланғич таълим фани ўқитувчиси.