Бугуннинг гапи

Ташвишли хабар: ЁНҒИН ҚЎШНИЛАР УЙИГА ХАВФ СОЛДИ


02.07.2019   163

Шу йилнинг 1 июль куни Андижон шаҳри Шўрбулоқ маҳалла фуқаролар йиғини Ўзбекистон кўчасидаги хонадонда содир бўлган офат қўшниларнинг хонадонига ўтиб, жиддий хавф солди. Аксарият ҳолларда эътиборсизлик, лоқайдлик ортидан келиб чиқадиган ёнғинларга оддий сабаблар туртки бўлади. Ушбу кўнгилсизликни келтириб чиқарган омиллар мутахассислар томонидан атрофлича ўрганилмоқда.

Ёнғин 6 уйдан бошланиб, кейин авж олган. Натижада 4-, 5-, 7-хонадондарга ўтиб, уйларнинг том қисмига зиён етказган. Ёнғин ўчоғидаги зарар 170 метр квадрат том, шифт қисми ва уй рўзғор буюмлари эканлиги қайд этилган. Қолган уйларнинг 10-15 метр квардрат том қисмлари олов домида қолган.

Нохушликка барҳам бериш мақсадида 8 та ёнғин ўчириш экипажи жалб этилган. Қарийб 54 дақиқа давомида “тилсиз ёв” билан муросасиз олишув кечган. Ҳодиса жойига вилоят фавқулодда вазиятлар, ёнғин хавфсизлиги ҳамда ички ишлар бошқармаларининг масъул раҳбарлари етиб келган.

Ёнғинни қўшни хонадонларга тарқалишига уйларнинг том қисми туташганлиги, ҳимоя деворларининг урилмагани сабабчи бўлиб қолмоқда. Ўзи ва қўшнилари хавфсизлигини ўйлаган инсон ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиши ва олдини олиш чораларини кўриши лозим. Шундагина бу каби кўнгилсизликларнинг келиб чиқишига йўл қўйилмайди.

Азизбек ЯРҚУЛОВ,

вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин хавфсизлиги бошқармаси катта муҳандиси.