Андижон 24

ТАШРИФДАН ТАШРИФГАЧА АНДИЖОНДА ҚАНДАЙ ИШЛАР АМАЛГА ОШИРИЛДИ


17.06.2021   670

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 21-22 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, вилоятда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди.

Ўтган вақт мобайнида мазкур топшириқлар ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўтган йилда жами 37,9 триллион 913,7 миллиард сўмлик ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқарилди. Белгиланган истиқболли режалар аввалги йилнинг мос даврига нисбатан саноатда 4,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,9 фоизга, қурилиш ишлари 4,9 фоизга, чакана савдо айланмаси 10,4 фоизга, хизматлар соҳаси 3,4 фоизга ўсишга эришилди.

Айни кунга қадар рўйхатга олинган хўжалик субъектлари сони 43 минг 82 та бўлиб, шундан кичик ва хусусий бизнес субъектлари 37 минг 828 тани ташкил этади. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 2 минг 668 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Натижада 5 минг 152 та иш ўринлари яратилди.

Вилоятда ўтган йили 1,5 триллион сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 233 та лойиҳа амалга оширилди. Ана шу лойиҳалар доирасида ишга туширилган корхоналарда 13 минг 222 та янги иш ўринлари яратилди.

Вилоятда 2021 йилда 587 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилган бўлиб, январь-май ойларида 225,5 миллион доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинди. 2021 йилда 47 та лойиҳа доирасида жами 386 миллион доллар, шундан 249 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиши, 16 та йирик лойиҳа ишга тушурилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда Андижон вилоятида фармацевтика саноатида 17 та дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи корхона фаолият кўрсатмоқда. 2021-2022 йилларда умумий қиймати 84,8 миллион долларга тенг дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи 10 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар амалга оширилиши натижасида йилига 665,8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва 900 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

2020 йилда вилоятда 1 минг 679 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилган, 2021 йилда эса 1 минг 847 минг тонна ҳосил олиш режалаштирилган. Ҳозирда вилоятда 321,5 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватига эга 30 та корхона фаолият олиб бормоқда. Ушбу корхоналар вилоятда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг 19 фоизини қайта ишлаш имконига эга.

Вилоятда жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида турли йўналишлар бўйича жами 1 триллион 329 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди. Айни пайтга қадар вилоятда 13 та пахта-тўқимачилик, 14 та мева-сабзавотчилик, 18 та ғаллачилик, 5 та пиллачиликка, шунингдек, чорвачиликнинг турли тармоқларига ихтисослашган қатор кластер корхоналар ташкил этилиб, фаолият кўрсатмоқда. Биргина пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 4 минг 100 та янги иш ўринлари яратилди.

Жорий йилда вилоятда “Янги тартибдаги” уй-жойлар қурилиши бўйича дастур ишлаб чиқилган бўлиб, жами 83 та кўп қаватли уй-жойлар қурилади. Айни пайтда бу борадаги ишлар авж палласида. Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Жорий йилда 150 минг ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Ўтган беш ой давомида 104 минг 851 нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқаронинг бандлиги таъминланди.

2020 йилда 58,8 минг оила “Темир дафтар”га киритлган эди. Йил якуни бўйича 51,3 минг оиланинг даромади оширилиб камбағалликдан чиқарилди. Жорий йилда 7 минг 577 та оила даромадларини ошириш ҳисобига “Темир дафтар”дан чиқариш режалаштирилган. Бундан ташқари “Аёллар дафтари”га киритилган 29 минг 587 нафар аёлга амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 9552 нафар ишсиз ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг бандлиги таъминланди. “Ёшлар дафтари”га киритилган 44 минг 770 нафар ёшларнинг 29 минг 952 нафарига ёрдам кўрсатилиб, дафтардан чиқарилди.

Вилоятнинг турли ҳудудларида 93,4 гектар ер майдонига эга 20 та “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари”лари ташкил этилди.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини

қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг гранти асосида тайёрланди.