ЖАМИЯТ

ТАРОЗИНИНГ ИККИ ПАЛЛАСИ ЁКИ ХОТИН-ҚИЗЛАР ВА ЭРКАКЛАР ТЕНГ ҲУҚУҚЛИ БЎЛГАН ЖАМИЯТГИНА ТАРАҚҚИЙ ТОПАДИ


24.07.2021   1733

Эркак ва аёл ўртасидаги тенгсизликка барҳам бериш, хотин-қизлар ҳуқуқларининг тан олиниши учун қатъий курашиш кўп давлатларда энг муҳим ва азалий мавзулардан бири. Зотан, тенглик тушунчаси кўп жиҳатдан орзу-умидларини рўёбга чиқариши, яхши яшашга интилиши, турмушда рўшнолик кўриши учун эркакка ҳам, аёлга ҳам бирдек имконият беришни назарда тутади.

Шу боис мамлакатимизда “Хотин-қизлар ва эркаклар – тенг ҳуқуқли” деган тамойилни илгари суришга устувор мавзу сифатида жиддий эътибор қаратиб келинади. Аслида, зикр этилаётган масала – қонунларимизнинг ҳам талаби.

Таъкидламоқ жоизки, оилада эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги барча жиҳатлар – фарзанд тарбиясидан тортиб мулк ҳуқуқи билан боғлиқ масалаларга ҳам тааллуқли. Келинг, фикримизни мисоллар билан далилласак.

Яқинда фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судида сўз бораётган мавзуга дахлдор низо кўриб чиқилди. Хусусан, Хонобод шаҳрида яшовчи Салима Собирова (исм-фамилиялар ўзгартирилди) эр-хотиннинг никоҳи даврида орттирилган умумий мол-мулкни бўлиш ҳақида судга даъво ариза киритиб, турмуш ўртоғи Баҳодир Собировнинг номида бўлган уй-жойнинг ярмини натура ҳолида ёки пул шаклида ундириб беришни сўради.

Аниқланишича, даъвогар ва жавобгар 2009 йили қонуний никоҳ қуришган. Ўтган йиллар давомида уч фарзандли бўлишган. Бу орада иккиси ишлаб топган маблағлари эвазига назарда тутилаётган уй-жойни сотиб олишади. 2020 йилга келиб эса ўзаро келишмовчиликлар сабабли оилага дарз кетиб, тарафлар алоҳида яшашни маъқул кўришади. Ўртадаги муносабатлар тикланишига кўзига етмагач, юқорида қайд этилганидек, аёл турмуш ўртоғига нисбатан даъво қўзғаган. Бор гап шу.

Аммо жавобгар гарчи эр-хотин бирга яшаган даврида барпо этилган бўлса-да, “уй менинг номимда, фақат ўзимга тегишли” дея даъвони тан олса қани?

Бироқ суд учун қонун устувор. Суд жараёнида масала атрофлича ўрганилди ҳамда даъвогар фойдасига низоли уй-жойнинг бозор баҳосидан келиб чиқиб, хонадон нархининг тенг ярми – 54 миллион 300 минг сўм ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Бу ҳолат фаолиятимиздаги ягона мисол эмас. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судига худди шу мазмунда олтита даъво аризаси келиб тушган. Уларнинг барчаси қонун доирасида ҳал этилган, жумладан, тўрттаси кўрмасдан қолдирилган бўлса, биттаси қаноатлантирилган. Яна битта даъво аризаси эса тарафлар ўзаро келишиб олганлиги боис иш юритувдан тугатилган.

Хулоса шуки, эркак ва аёл ҳуқуқлари мисоли тарози палласи. Унинг посангиси ҳар қачон тенг тутилган жамият эса тараққий этаверади.

Фурқатали Аҳмедов,

Фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро суди раиси