Ижод гулшани

Танловга: Келажакни олдиндан кўрарди


20.12.2017   290

Биринчи Президентимиз мустақилликнинг дастлабки даврданоқ узоқни кўра билувчи, хақиқий раҳбарларга хос оғир-босиқ, сермулоҳаза инсон эканини намоён қила бошлаганди. Ҳамманинг ёдида бўлса керак: найранг ва гиж-гижлашлар туфайли қўшни давлатнинг Ўш ва Ўзган шаҳарларида юз берган хунрезликни қон тўкмасдан, қасос ўтида ёнаётган миллатдошларимизни қайтариб, тинчлик йўли билан ҳал қилишга ҳаракат қилди.

1984 йилдан Тошкентда, Биринчи Президентимиз билан узоқ йиллар бирга ишлаш бахтига муяссар бўлган юртдошимиз, меҳнат фахрийси Машариф Юсупович Юсупов воқеалар хусусида шундай эслайди:

“ Бу пайт вилоят партия комитети идеология бўлимида ишлар эдим. Тошкентда навбатдаги съезд бўлаётган эди. Андижон вилояти раҳбарларини Биринчи Президентимиз халқ билан бўлинглар, маъносида съезддан рухсат бериб, жўнатиб юборган. Ўша пайтдаги вилоятнинг иккинчи раҳбари билан Дўстлик чегарасида турган эдик. Халқ Ўш ва Ўзганда содир бўлаётган вахшийликларни эшитиб, “қурол беринглар, ўтказиб юборинглар” деб оломонга айланаётган дақиқалар. Автомашинамиздаги телефондан вилоят биринчи раҳбари Қ.Холмирзаев мени чақираётганини айтишди. Ислом Каримов алоқага чиқиб, вазият билан қизиқаётганини айтди .Мен ҳолатни Қ.Холмирзаевга айтдим, гапимни эшитиб турган Ислом Каримов бунга жавобан: “У ер чегара, чегарани у ёғида ўзларининг раҳбари бор, бир қадам ҳам кирилмасин, агар биз чегарани бузсак, қандай тўполон бошланиб кетишини биласизларми?”- дея қатъият билан буйруқ берган. Бу - воқеликни тезкор олдинлан кўра билиши, ҳис қила олишининг бир далили эди.”

Телевидение орқали КПСС Марказий Комитетига, СССР Мудофаа вазирлигига мурожаат қилиб, Ўш яқинидаги Фарғона водийси туманларида аксарият қирғиз миллатига мансуб аҳолининг истиқомат қилиши ҳисобга олинса, катта талатўплар келиб чиқиши мумкинлигини билдириб, армиядан ёрдам сўраётганлигини, бироқ Москвадаги «оғалар» беписанд, лоқайд турганликларини куйиниб гапиргани ҳамон ёдимизда.

Беадад шукурлар бўлсин, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентимиз йўлидан бориб, барқарорлик ва дўстлик ришталарини тиклаб, ҳамкорлик алоқалари яна авж олмоқда. Қўшни Тожикистон билан ҳам қувонтирадиган ўзгаришлар бўляпти.

Биринчи Президентимиз ҳаёти ва фаолиятига бағишланиб намойиш қилинган “Ўзбекистон мустақиллик арафасида” номли ҳужжатли фильмда Қашқадарё вилоятида биринчи раҳбар бўлиб ишлаган давридаёқ адолатли, зукко сиёсатдон сифатида намоён бўлганлиги тарихий ва далилий манбалардан сезилиб турибди. Машъум қатағон даврини эслатгувчи ”Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” дея ном олган Гдлян ва Иванов ”жаноблари” бошлаган навбатдаги жабрдийдаларнинг оқланишига ҳисса қўшганлиги ҳикоя қилинган фильмда серқирра фаолияти, дадил ва қўрқмаслиги, халқ ҳимоячиси ва жонкуяр раҳбари тимсоли намоён бўлади.

Наманган вилоятида уюштирилган митингда халқни ўзига оғдиришга бир баҳя қолган мухолифат вакилидан микрофонни олиб, биз танлаган йўл ўзи ҳақ йўл, деган жавоби миллионлаб фуқароларимизнинг кўз олдида турибди.

“1994 йил Андижон тумани хокими лавозимида ишлаган кезларим Андижонга ташриф буюрди. Туманимизга келиб пахта майдонларимизни кўрсатишимизни сўради. Мен Ёрбоши қишлоғи атрофида машинада бирга кетяпман. Бирдан Юртбошимизнинг нигоҳи тикка тепаликка ўрмалаб чиқиб кетаётган тракторга тушиб қолди. «Бу ағанаб кетиши ҳам мумкин-ку, қандай юряпти?», деб қизиқсинди Шу тракторчини кутадиган бўлдик. Чақиртирдик, мен тракторчини Президент ҳузурига етаклаб келдим; “- Сиз тракторни қандай бошқаряпсиз, ағанаб кетишингиз мумкин-ку?” - деди. Тракторчи: - “культивация органларини туширган ҳолатда тирмашиб тепаликка чиқамиз, бурилаётганда кўтарамиз, агар олдинроқ кўтарсак ағанашимиз мумкин, шу йўсинда ишлаймиз, - деди. Шу манзарадан кейин адирликларга ҳам пахта экиш шартми, ҳосилдорлик ҳам кутилган натижа бермайди, ундан кўра боғ ташкил қилинса бўлмайдими, дея ўша заҳотиёқ бир қарорга келди. Унумдорлиги кам, адирлик ерларга мевали кўчатлар экиб боғлар яратиш фикри балки шунда бошлангандир. Ўша йили кузга бориб туманимизнинг 1000 га ерида боғ-роғлар ташкил қилинди”.

Бутун Ўзбекистон аҳолисининг 9 % и Андижон вилоятига тўғри келади, ҳудуди эса 0,9 % ни ташкил қилади. Бу дегани ҳосилдорликда жуда катта натижага эришилган ҳолатда ҳам фақат қишлоқ хўжалиги билан Андижон халқини боқиб бўлмайди, Андижонга саноатни олиб келиш керак, ўсиб келаётган ёшлар қаерда ишлайди, Асака прицеплар заводини қайта қуриб, дунё мамлакатлари ичида 28-бўлиб автомашиналар ишлаб чиқарадиган завод барпо этамиз”, - дея Андижон халқига қайғуриб автозаводни қуришга киришди. Ушбу заводга барча бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган яна 5 та қўшимча корхона қад кўтарди. Деярли барча эҳтиёт қисмлар ўзимизда, Ўзбекистонда ишлаб чиқариляпти. Қанча ёшлар иш билан таъминланяпти. Шу завод қурилишининг вилоят бўйича штаб бошлиғи эдим Жасорат, қатъиятлилик, ўз халқи, ватани келажагини юракдан ҳис қилиб, фақат шу дард билан яшайдиган инсон бу ишни уддасидан чиқди. Бу завод орқали соатлаб бекатларда машина кутиш деган “энг зерикарли ташвишдан” бутун Ўзбекистон аҳли фориғ бўлди десак муболаға бўлмайди. Неча минглаб фуқаро иш билан таъминланди...

Тиниб – тинчимас раҳнамомиз шу билангина чекланмади. Коммуникация, йўлсозлик соҳаларига ҳам кўп эътибор берди. Қамчиқ довони орқали Тошкент –Андижон темир йўл линияси ҳам у кишининг жасорати, матонати билан вужудга келди.

“Одамларнинг кўнглига йўл топишни биладиган, бир лаҳзадаёқ воқеаларнинг ечимини, натижасини кўра оладиган, жасоратли, қатъиятли, зукко раҳбар сифатида, ўз халқи, ватани келажаги йўлида ўз куч ва билимини аямади, умрини тўла маънода шу эзгу йўлга бағишлади Амир Темур бобомиз Мовароуннахрдек катта давлатга асос солган бўлса, Ислом Каримов мустақил ва келажаги буюк Ўзбекистонга асос солди...”

Юртбошимизнинг Андижонга меҳри бўлакча эди. Бир келганда вилоят телевидениеси орқали: - “Ўзимни бошқача сезиб қолсам атайин Андижонга келаман, чарчоғим ёзилади бу ерда” – дегани ҳам бутун Андижонликлар хотирасида турибди деб ўйлайман.

Маҳмуджон Ғозиев.