Ижод гулшани

Танлов


22.12.2017   717

«Шарпа» театрининг бош директори Ҳайбатилла Ҳайратов «Кимнинг номзодини кўрсатсак экан-а?»деб ўй суриб турган кезда хона эшиги аста очилиб, хипча гавдасига ўхшаш бурни остига қўнғиз мўйлов қўндирган бош режиссёр Чаққонбоевнинг чийилдоқ товуши эшитилди:

— Мумкинми? Чақиртирган экансиз.

Бош директор уни умрида биринчи бор кўриб тургандек, бироз индамай турди-да, «Ҳа» дегандек бошини ликиллатди. Чаққонбоев кўз очиб юмилгунча бош директорнинг рўпарасидаги стулдан жой олди ва бошини сал эгиб Ҳайратовга қаради.

— Гап бундай, мавлоно, - деди бош директор столни бармоқларининг учи билан чертиб. У одатда қўл остидаги етакчи артистлар билан суҳбатлашганда «мавлоно» сўзини қўшиб айтишни хуш кўрарди. — Шаҳримиздаги «Кўпик» фирмасининг Янги йил базмига Қорбобо ва Қорқиз керак экан. Хизмат ҳақини яхшигина тўлаймиз дейишяпти. Ана шундай масъулиятли вазифаларга кимларнинг номзоди маъқул тушаркин, деб кечадан бери бошим қотяпти. Ҳўш, сиз нима дейсиз?

Чаққонбоев киприкларини пир-пир учириб, қошларини керганича кичкина хамакдек келадиган бошини нозик бармоқлари орасига олди. Кейин кенг яғринини столга тираб ўтирган бош директорга юзланди.

— Ҳайбатилла ака, менимча Қорбоболикка Шилтаев дурустмикин?

— Йўқ, бўлмайди! — Унинг гапини кесди бош директор. — Унга-бунга тегажоғлик қилавериб ҳамманинг жиғига тегади. Арча байрамини ҳам комедияга айлантириб ташлайди. У комик, бизга эса...

— Тушундим, тушундим, - Чаққонбоев ўнг қўлини кўксига қўйди. — Ҳмм, ундай бўлса... бу ролга Беғам Бепарвоевни қўйсакчи?

— Ўзи дуруст одам-у, лекин, жа-а дунёни сув босса ҳам парвосига келмайдиганлардан-да. Масъулиятни чуқур ҳис этмайди. Индинга Қорбоболикка тайёр бўлиб туринг, десангиз янаги йилга зўрға улгуради. «Кўпик»дагилар олдида уялиб қоламиз.

— Бўлмасам Нафсилло акани қўяйлик.

Буни эшитибоқ бош директор бош режиссёрни койишга тушди:

— Вей қизиқсиз-а?! Мен сизга хўрандалар конкурсига одам топиб беринг, деяётганим йўқ! Уни қанақа кишилигини биласиз. Аввалги сафар ҳам уни Янги йил кечаси ҳушёрхонадан зўрға топиб келганмиз.

— Узр, узр, бу томони ёдимдан кўтарилибди, - тавозе билан ўрнидан турди бош режиссёр. — Менимча бу ролга Талантбек Тиллаев жуда мос.

— Ҳмм... дурустликка дуруст-а. Бироқ у трагедикда! Байрам авжига чиққанда, қизишиб кетиб, ҳар хил марсия, мотам қўшиқларини айтиб, йиғилганлар дилини хуфтон қилиб қўйиши мумкин. Ёдингиздами, ҳўвв бир йили «Қариялар куни» тадбирида, «Вой отам» деган ариясини берухсат айтвориб, бизга «катта»лардан дакки олиб бергани.

Чаққонбоевнинг ҳам нима дейишга боши қотиб қолди. Ичида яна бир-икки артистларнинг номларини ўйладию, лекин қайсидир жиҳатлари бош директорга маъқул тушмаслигини билиб, индамади. «Бош директорнинг ўзи Қорбоболикка тўғри келмасмикан?»- хаёлига келган фикрдан унинг ўзи ҳам ажабланиб қўйди. — Лекин унда саҳна тажрибаси йўқлиги чатоқда. Шу кунгача бор-йўғи битта эпизодик ролда саҳнага чиққан холос. Лекин, ҳанузгача, «агар мен шу ролни ўйнамаганимда испектакил ишкал бўларди», деб мақтанишини қўймайди. Ўша драманинг номи нимайди ўзи? Ҳа ... топдим - «Қонли Африка!». Бироқ бош директор ҳўв бир йили бўлганидек Қорбоболикка чув тушириб қўймасмикин? Ўшанда у қайсидир ўқув юртининг арча байрамига Қорбобо сифатида ташриф буюриб, «Салом ўқувчилар! Мен сеҳрли Сибир ўрмонлари оша келяпман» дейиш ўрнига, спектаклдаги кичкина ролида айтганлари ёдига тушиб: «Салом қабиладошлар! Мен Саҳрои Кабир қумдовонлари оша келяпман!» деб ҳаммани ҳайратга солганди. Ўқувчилардан бири: «Режиссёр амаки, Африкада ҳам қор ёғадими?» деб саволга тутганда у деб, бу деб юриб ўзим ишонмаган нарсага уни зўрға ишонтиргандим. Менимча, бу сафар ролдан чиқиб кетмас...»

Бош режиссёрнинг таклифини эшитгач, Ҳайратовнинг юз-кўзларида қувонч пайдо бўлди.

— Дидингиз чаккимас, Чаққонбоев! - Бош директор кулимсираганича бошини креслога суяди. — Бундай масъулиятли вазифани менга топширсалар керак, деган фикрда эдим. Бўй-бастим ҳам, юриш-туришим ҳам Қорбоболикка мос. Гримга ортиқча ҳожат қолмайди. Ҳўш, буёғи ҳал бўлди, а? Энди Қорқизликка кимни қўямиз?

Бош режиссёр беш-олтита артисткаларнинг номларини айтди. Ҳайратовга уларнинг бирортаси ҳам маъқул тушмади. У ҳамсуҳбатига синовчан қараб фикрини билдирди:

— Менинг партнёрим сиз бўласиз! Фақат бир шартим бор...

Ҳайратов шундай деб бироз чайналиб туриб қолди. Кинода бўлганда ҳеч бир гримсиз Чарли Чаплин қиёфасини қотириб қўядиган бош режис-сёрнинг қўнғиз мўйлови унинг ҳафсаласини пир қилиб турганди.

— Анаву мўйловингиздан воз кечасиз, - гапини давом этди бош директор ҳайратдан ҳалигача ўзига келолмаётган бош режиссёрдан кўзини узмай. — Ахир санъат йўлида, керак бўлса, жонимиздан ҳам кечишимиз керак! Иннайкейин... хизмат ҳақини бегона қилишнинг нима кераги бор. Пул бўлгач мўйлов яна топилаверади.

... Чаққонбоев «Мўйловимни қайси сартарошга олдирсам яна тезроқ ўсиб чиқаркин?» деб ўй сурганича хонадан чиқиб кетаётганда Ҳайбатилла Ҳайратов Қорбобо ролига тайёргарликни аллақачон бошлаб юборганди:

— Салом қабиладошлар! Мен Саҳрои Кабир қумдовонлари оша ҳузурингизга келдим!...

Ҳалимжон ТОҲИРОВ.