Бугуннинг гапи

ТАЪМИНОТДА УЗИЛИШ БЎЛМАЙДИ


25.03.2020   26240

Ўзбекистонга ҳам кириб келган коронавирус пандемияси айрим фуқароларда ваҳима уйғотмоқда. Ҳукуматимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар эса, аксинча ҳеч қандай ваҳимага тушмасликни, озиқ-овқат, алоқа ва инфратузилмалар таъминотида узилишлар бўлмаслигини таъминламоқда. “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ ҳам фуқароларимиз ва бошқа турдаги истеъмолчиларга суюлтирилган ва табиий газ таъминотида ҳеч қандай узилишлар бўлмаслигини эслатиб ўтади.

Жамиятнинг матбуот хизмати суюлтирилган газ таъминотида карантин вақтида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш вақтида Бўстон ва Шаҳрихон туманларига ташриф буюрди.

Бўстон тумани “Бўстон” МФЙ ўрамидаги “Бинокор” кўчасига ташриф буюрилганда, маиший газ баллонлари билан тўла махсус автотранспорт воситаси кўздан кечирилди.Ҳайдовчи ва чилангарда ҳам махсус иш кийими, қўлларида тиббий қўлқоплар, тиббий ниқоб билан қуролланган. Машинада эса нам салфетка ва антиспетик воситалар билан жиҳозланган.

Уларга қўшилиб матбуот хизмати ҳам хонадонма-хонадон суюлтирилган газ таъминотида иштирок этди. Истеъмолчини чақириб, аввало, назорат тарозисидаги маиший газ баллонининг вазни кўрсатилди. Сўнгра, уй ичига олиб кирилиб, ўрнатиб берилди. Газ плитасида газ ёқилиб, таъминотда ҳеч қандай узилиш ва муаммо йўқлиги аниқлангач, кейингина хонадон тарк этилди. Кўчадаги барча истеъмолчилар маиший газ баллонларини алмаштиргунларига қадар жараён шу тартиб давом этди.

- “Истеъмочиларимизга суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб бериш учун қўшимча чора-тадбирларни кўрмоқдамиз, биламиз, ҳозирда ҳукумат тавсиясига асосан фуқароларимизнинг асосий қисми ўз уйларида. Уйда бўлишгач, албатта, кўпроқ қозон қайнатилади, болаларга қайноқ сув, иссиқ овқат берилади. Бу дегани, суюлтирилган ва табиий газга эҳтиёж ошади. Лекин биз, суюлтирилган газ етказиб беришдаги айланма усул ҳисобига даврийликни 30-35 кундан оширмасликка ҳаракат қиламиз. Мана шундай вақтда ишчиларимиздан ватанпарварлик ва фидоийлик талаб этилади. Биз эса бунга тайёрмиз. Керак бўлса, кунига икки марталаб газ тўлдириш шаҳобчаларига боришимиз мумкин, лекин истеъмолчиларимизнинг суюлтирилган газ билан таъминлашда узилишларга йўл қўймаймиз” - дейди “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖнинг истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб бериш ва уни ҳисобини мувофиқлаштириш хизмати бошлиғи З.Қаҳҳоров.

Бугун ҳақиқатдан ҳам “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖнинг барча ходимлари ўз саломатликларини унутмаган ҳолда, шифокорларимизнинг барча кўрсатмаларига амал қилиб, вилоятимиздаги барча истеъмолчиларни табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлашга ҳаракат қилмоқдалар.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати