Андижон 24

Таълим ислоҳотлари: «МЕНТАЛ»ЧИЛАР МАКТАБИ


15.05.2019   1476

Шаҳрихон туманидаги 62- умумтаълим мактабиэнг яхши билим даргоҳларидан бири саналади. 1970 йилда ташкил топган мактабга тажрибали устоз, ўз соҳасининг фидойиси Раҳматжон Ҳожиматов директорлик қиляпти. Изланувчан ва ғайратли раҳбар сифатида ўқувчилар давоматини туманда биринчи ўринга олиб чиқди, малакали устозларни мактабга жалб қилди. Шу боис ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириши анча юқори.

74 нафар изланувчан ва малакали педагог ходим фаолият юритаётган мактаб ўқувчилари "Фан олимпиадалари”, " "Билимлар беллашуви" "Китобхон танловлари"каби кўрик-танловларда юқори натижаларга эришиб келмоқда. Чунончи фанлар олимпиадасида 11 синф ўқувчиси Д. Ибрагимова, 10 синф ўқувчиси Д. Абдурахмонова (рус тили), 4 синф ўкувчиси Ж. Акбаров (инглиз тили), “Ёш китобхон” вилоят танловида М. Ибрагимова фахрли ўринларни эгаллашиб, мазкур билим масканининг нуфузига нуфуз қўшишди.

Директор ташаббуси билан ментал арифметика дастурининг мактаб ҳаётига жорий этилиши билимдонлар сафини янада кенгайишига олиб келди. У бу таълимни пухта эгаллаган Отабек Хакимов кўмагида ўқитувчилар -Замирахон Акбарова ва Дилбархон Маҳкамоваларни “ментал”ни ўрганишга жалб этди. Улар эса, ўз навбатида, бошқа ҳамкасбларини бунга ўргатишди. Ҳозирда “ментал”чи ўқитувчилар сафи 18 нафарга етди.

-Ушбу дастур бўйича таълим олаётган болалар нафакат математикадан, балки бошка фан соҳаларида хам муваффақиятга эриша оладилар, -дейди мактаб директори Р. Ҳожиматов. -Улар ўзига ишонувчанликка ва қийинчиликни енга олишга эга бўладилар. Ҳозирги пайтда, атрофда чалғитувчи омиллар кўп бўлганлиги сабабли, болалар устувор йўналиш танлаш ва ўқишга қизиқиши қийин бўлиб бормоқда. Айнан шу муаммода ментал арифметика ота-онага ёрдам беради. Биз ўқувчиларимизни пухта билим олиши учун қандай қулайлик ва шароит керак бўлса, яратиб беришга интиляпмиз. Бундан буён ҳам ёш авлодга янада самарали,инновацион ғоялар асосида билим бериш асосий мақсадимиз бўлиб қолаверади.

-Бўш ўзлаштирувчи ўқувчиларга бу борада алоҳида тўгарак ташкил этилди ва қисқа вақт ичида ижобий самара берди, -дейди бошланғич синфларилмий бўлим мудири Лолахон Мавлонова. - Тўгаракка жалб қилинганлар аълочи ўқувчиларга етиб олишди. Ҳаттоки улардан хам ўтиб кетишяпти.

- Ментал арифметика — бу юқори сифатли дастур бўлиб, математик амални мияда калькулятордан ҳам тезроқ ҳисоблашни ўргатади. Чап ва ўнг мияни тенг ишлашига ёрдам бериб,ўқувчини мисолни икки карра тез еча олиш қобилиятини кучайтиради, Хуллас, ментал қолоқни аълочи, аълочини зукко қилади, - дейди тажрибали муаллима Дилбарой Маҳкамова.

Бугунги кунда мактаб ўқувчилари ментал арифметика бўйича барча мусобақаларда юқори ўринларни олиб келмоқда.Мазкур билим маскани Сарой маҳалласида жойлашган бўлсада, қўшни Найман, Қўрғонча, Сўзоқ, ҳаттоки Шахрихон шаҳри марказидан ҳам болалар келиб ўқишмоқда.

Айниқса, ментал арифметика бўйича халқаро нуфузли мусобақаларда эришилаётган натижалар кўпайиб бораётгани қувонарли. М.Аббосхонова (5- синф) онлайн тизимида Қозоғистонда, Ҳ. Ёқубжонов (2- синф) Россияда ва Германияда ўтказилган мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритишди. Шунингдек, И.Собиров, Х. Абдупаттаев, Ҳ. Нурмухаммедов, А. Нўъмонжонов, Ҳ. Абдуваҳобов республика биринчилигида юқори ўринларни эгаллашиб, барчага ибрат бўлишди.

Айни кунлардаМ. Абдураҳимова, М. Нўъмонжонова мусобақаларга қизғин тайёргарлик кўришмоқда. Ишонамизки улар ҳам мактабдошлари изидан боришиб, юксак натижаларга эришадилар.

Рустамбек АРАББОЕВ.

Муаллиф олган суратлар.