Андижон 24

Тақдимот: НОМИГА МУНОСИБ МАСКАН


17.12.2021   1427

Андижонда "7 Хазина" ўқув маркази фойдаланишга топширилди.Марказда қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти талабалари амалиёт ўтайдилар. Тантали очилиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, жамоатчилик фаоллари, соҳа фахрийлари, нуронийлар иштирок этишди. У ерда асалари, қорабайир отлари парваришланмоқда. Замонавий иссиқхоналар ҳам мавжуд. Халқимиз етти хазина деганда айнан юқорида келтирилган жонзотларни назарда тутади. Бу бежиз эмас. Биргина асаларининг боли, заҳри, сути, прополиси, гулчанги минг дардга даво, мумидан эса саноатимизда кенг фойдаланилади.

- Ёш кадрлар тайёрлашга берилаётган эътибор иқтисодиётимизни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга, - дейди иш бошқарувчи Азизбек Садиралиев. - Шу боис малакали мутахассислар етиштиришга астойдил бел боғладик. Биргина асаларичиликни мисол қилиб оладиган бўлсак,вилоятимизнинг табиий иқлим шароитида ушбу соҳа турлари билан шуғулланиб, яхшигина даромад олиш мумкин. Уни тезкор технология йўллари билан парвариш қилиш борасида билимлар бериб борилади. Бошқа тармоқлар бўйича ҳам шундай тизим ташкиллаштирилади.

Қишлоқ хўжалигида паррандачилик етакчи тармоқлардан бири саналади. Таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатларида бу соҳага катта эътибор қаратилмоқда. Чунки айнан паррандачилик аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишида асосий аҳамият касб этиб, қишлоқларда одамларнинг иш билан банд бўлишини таъминлайди.

Янги ўқув марказининг ташкиллаштирилиши бу борада муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА,

Муаллиф олган суратлар

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини

қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг гранти асосида тайёрланди.