ЖАМИЯТ

Тақдимот: «ҚЎРҚМА» – ЯНГИ ДАВР АДАБИЁТИНИНГ ЯНГИ НАФАСИ


10.04.2021   934

Инсоният ўзининг кўп минг йиллик тараққиёти давомида яратган энг буюк кашфиётларидан бири китоб, албатта. Узоқ замонлар оша китоб инсонлар ҳаётига зиё, нур берувчи воситага айланди. У орқали инсон ўтмишини, бугунги кечмишини ва келажак умидларини кўради, жамиятга етказади.

Шундай даврлар бўлдики, бир китоб, бир адиб бутун тақдирлар, миллатлар келажагини ўзгартириб юборди, унинг руҳиятини бойитди. “Адабиёт атомдан кучли, - дея Абдулла Қаҳҳор балки шуни назарда тутгандир. Ушбу иқтибоснинг давомида айтилганидек, - лекин унинг кучини ўтин ёришга сарф этмаслик керак”.

Бир вақтлар жадид зиёлилари орзу қилган, интилган ва уларнинг армонига айланган маърифатли ва озод жамият, дунёнинг ривожланган давлатларидан бири бўлиш бугун ҳам бизнинг орзуимиз бўлиб қолмоқда. Негаки миллатимизнинг қаймоқлари бўлган бир авлод советларнинг қатағон машинаси қурбонига айланди. Машъала қўлдан кетди, ундан сўнг кўп йўлимизни йўқотдик ва бугун қайта топгандекмиз. Жамиятимизда яна китобга меҳр, зиё масканларига эътибор қайтадан жонланаётгандек. Бугун ёшларимиз орасида қайтадан бир қатлам пайдо бўлдики, улар эртанги кунги тараққиётимизни фақатгина жамиятимиз аъзоларини маърифатли қилиш билан боғламоқдалар.

Ана шундай ёшлардан бири Жавлон Жовлиевнинг “Қўрқма” романи бугун ўзбек китобхонлари томонидан жуда катта қизиқиш билан кутиб олинди. Асар ҳақида турли фикрлар ва тақризлар ёзилиб, эълон қилинмоқда. Бошқа ижодкорларни ҳурмат қилган ҳолда айтиш мумкинки, яқин вақтдан буён ўзбек адиблари асарлари орасида бундай қўлма-қўлма бўлган китоб деярли йўқ ҳисоби.

Яқинда Андижон давлат университетида адибнинг китоб ихлосмандлари билан учрашуви ташкил этилди. “Asaxiy.uz” лойиҳаси доирасида чоп этилган китоб тақдимотига 400 га яқин ёшлар қадам ранжида қилганлиги ҳам унга бўлган қизиқиш юқори эканлигидан далолат, албатта.

Асар XX аср бошида Германияга ўқишга юборилган ва юртга қайтгач, қатағон қурбонига айланган 70 нафар маърифатпарвар талаба тақдири ҳақида ҳикоя қилади.

Ижодий мулоқотда муаллиф асарнинг туғилиши, унинг мақсад-моҳияти, тарихий миссияси ҳақида фикрларини билдирди.

“Бугун биз фақат ва фақат маърифат орқали орзуларимизга етишишимиз мумкин. Ҳақиқатнинг кўзига қўрқмай қарамоқлик, ўзлигимизни, ўзимиз учун яратиб олган тўсиқларни, қўрқувимизни енгиб ўтиш асосий масала. Асар ўтган асрнинг илғор фикрли талаба ёшларидан ҳозирги кун ёшларига эзгу орзулари сари қўрқмай боришга бир хитоб, чақириқдай дунё юзини кўрди”, - деди у асар ғояси ҳақида.

Қисқагина кириш сўзидан сўнг йиғилганлар томонидан китоб ҳақида, унинг тили, образларнинг асардаги ўрни, жамиятимиздаги бугунги воқеликка қандай таъсир ўтказиши ва бошқа турли мавзуларда саволлар берилди. Уч соатга яқин давом этган суҳбатда Ватан ва унинг тараққиёти, ўз-ўзини ислоҳ қилиш, билим ва маърифатга интилиш, бугунги ёшларнинг ўзлари учун яратиб олаётган муаммолар каби муҳим ва қизиқарли мавзулар ҳақида фикрлар билдирилди.

Тақдимот сўнггида китоб ихлосмандлари севикли адиблари дастхати туширилган китобларни олдилар.

Бундан ташқари, адабиёт байрами доирасида арзонлаштирилган китоб савдоси ташкил этилиб, 400 дан ортиқ китоблар ўз эгасини топди.

Шарофиддин ҲОШИМЖОНОВ,

Андижон давлат университети докторанти

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини

қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг гранти асосида тайёрланди.