ЖАМИЯТ

ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ЮРИТИШГА БАРЧА ИМКОНИЯТЛАР ЯРАТИЛГАН


27.12.2020   1000

Сўнги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш борасидаги ҳуқуқий нормалар мустаҳкамланди, шу билан бир қаторда, уларнинг хўжалик фаолиятига назорат қилувчи идораларнинг аралашувини кескин қисқартириш чоралари кўрилди ва тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолият юритиши учун барча имкониятлар яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувини олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципини таъминлаш борасида амалий ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девоннинг Андижон вилоятида фаолият юритувчи ходимларига 2020 йил мобайнида тадбиркорлик субъектларининг 184 та мурожаатлари келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг 76 таси қаноатлантирилди, 89 тасига тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтириш берилди, 4 таси кўрмасдан қолдириллди, 9 та мурожаат тегишлилигига кўра бошқа идораларга юборилди.

Бўстон туманидаги “Бўз ПТЗ” ХЖнинг туман инспекцияси томонидан 2 млрд 153,9 млн.сўм миқдорида суний қардорлик хисобланганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати бўйича Давлат солиқ кўмитасига қонун бузилишни ўз муддатида кўриб чиқиш ва масъул мансабдорларга чора кўришни сўраб киритилган тақдимномага асосан тадбиркорга ҳисобланган солиқ қарзи корхона хисобидан чиқарилишига эришилди.

Булардан ташқари, давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан ўтказилган таҳлил ва ўрганишлар натижаларига кўра 10 та тақдимнома юборилди, тадбиркорлар манфаатини кўзлаб судларга 3 та даъво аризалар киритилди, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ноқонуний равишда текширишлар ўтказганлиги боис назорат идораларининг мансабдор шахсларига нисбатан 69 та маъмурий баённомалар тузилиб кўриб чиқиш учун судларга юборилди.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш, бу борада аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини зудлик билан бартараф этиш ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласини ҳал этиш келгусида ҳам фаолиятимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши шубҳасиздир.

Шу боис, тадбиркорлик субъектлари ўзларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатлари юзасидан Бизнес-омбудсманнинг Андижон вилоятида фаолият юритувчи ходимларига мурожаат қилишлари мумкин.

Тадбиркорлик субъектларининг

ҳуқуқлари ва қонуний

манфаатларини ҳимоя қилиш

бўйича вакил девонининг

Андижон вилоятида фаолият

кўрсатувчи ходимлари