Андижон 24

ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИДАГИ ЎТКАЗИЛАДИГАН ТЕКШИРУВЛАР ТАРТИБИ


17.01.2020   1493

Мамлакатимизда тадбиркорликни янада қўллаб-қуватлаш борасида комплекс чора-тадбирлар олиб борилиши самарсида бугунги кунда тадбиркорларнинг сони ва уларнинг фаолият тармоқлари кенгайиб бормоқда.

Бу соҳада Президентимиз томонидан қабул қилинаётган меъёрий-ҳужжатлар ва улардаги бизнесни қўллаб-қувватлаш, имтиёзлар ва перефернцияларни бериш орқали уларнинг фаолиятига аралашиш кескин камайтирилмоқда. Айниқса, тадбиркорлик субъектларида текширишлар ўтказиш турларини камайтириш ва муайян муддатга тўхтатиш борасидаги чоралар тадбиркорларнинг молиявий имкониятларини яхшилашга ва ўз фаолиятини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-5308-сонли Фармони билан, Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга икки йил муддатга мораторий эълон қилинганлиги бунга яқол мисолдир.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларнинг ташкилий жиҳатлари ва тартиб-таомилларини комплекс тартибга солиш ҳамда уларнинг қонунийлиги мониторингини олиб боришнинг ягона тизими яратилиб, назорат қилувчи органлар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ва ўтказиладиган текширувларнинг асослилигини холис баҳолаш имконияти яратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-5490-сонли Фармони билан, 2018 йил 1 сентябрдан тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинди.

Шу даврдан бошлаб, Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи «хавфни таҳлил этиш» тизими натижалари асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар назорат қилувчи органлар томонидан Текширувларни электрон рўйхатга олишнинг ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт бўлиб, ушбу ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар эса ноқонуний ҳисобланиши белгиланди. Бунда, ўтказилган текширувларнинг натижаларини ҳам текширув тамомлангандан уч кун давомида Ягона тизимига киритиб борилади.

Бундай тартибларнинг жорий этилиши, албатта тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширувларнинг очиқлиги, ошкоралиги ва холислигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Қайд этиш лозимки, хозирда текширувлар иккита гуруҳга бўлиниб, яъни Ваколатли орган билан келишилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар турлари ҳамда Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлардир.

Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 7 сентябрда 3067-сон билан рўйхатдан ўтказилган вақтинчалик Низом талаблари асосида олиб борилади.

Унга кўра, Ваколатли орган билан текширувларни келишиш ва ўтказиш ушбу Низомнинг 1-иловаси билан тасдиқланган 7- босқичдан иборат схемага мувофиқ амалга оширилади. Хабардор этиш тартибидаги текширувлар эса тасдиқланган (32 та) рўйхатининг тегишли бандларига мос равишда - ишончли маълумотлар мавжуд бўлган ҳолларда, назорат қилувчи орган томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган график асосида ёки заруратга қараб ўтказилиши мумкин.

Ўз навбатида, Текширишлар ўтказилишида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда ҳуқуқий механизмини мустаҳкамлаш мақсадида, Президентимизнинг 2019 йил 15 мартдаги «Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5690-сон Фармони билан, 2019 йил 1 апрелдан бошлаб, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан назорати Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил - Бизнес-омбудсман томонидан амалга оширилмоқда.

Назорат қилувчи органлар ва инсофли тадбиркорлик субъектлари ўртасида ишончли ҳамкорликни ўрнатишга қаратилган 2020 йил 1 январдан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси амалиётга татбиқ этилиши текширувлар тизимини янада соддалаштирди. Ушбу Кодексининг 137-моддасида солиқ органлари солиқ текширувларининг 3 турларини, яъни камерал солиқ текшируви, сайёр солиқ текшируви, солиқ аудитини ўтказиши белгилаб қўйилди.

Айтиш лозимки, Бизнес-омбудсман ўз фаолиятида тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширувларни Текширувларни электрон рўйхатга олинмаган ҳолда ўтказиладиган текширувларни ноқонуний ҳисоблайди ва тадбиркорлар манфаатида қонуний таъсир чоралар кўрилишини таъминлайди.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, тадбиркорлар бугун эркин, фаол ва шижоат билан бизнес қилишга катта имкониятлар яратилаётганлигини ҳис этган ҳолда ўз фаолиятларини янада кенгайтириш ва янги иш ўринлар яратишда муайян самараларга эришмоқда. Ушбу жараёнларда Бизнес-омбудсман ўз фаолиятида тадбиркорга шароит яратиб, бизнес вакилларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда зарур чораларни кўришни давом этмоқда.

М. ХОШИМОВ,

бизнес-омбудсман ходими.