Андижон 24

ТАБИИЙ ГАЗ ВА НЕФТЬ МАҲСУЛОТЛАРИ НАРХЛАРИНИНГ ОШИРИЛИШИ САБАБЛАРИ АСОСЛАНДИ


02.08.2019   2058

Нефть-газ тармоғи Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллайди. Сўнгги икки йилда ушбу соҳада амалга оширилган ислоҳотлар самарасида республикамиз миқёсида газ қазиб олиш ҳажми 10 фоизга, аҳолига табиий газ етказиб бериш – 15 фоизга, суюлтирилган газ етказиб бериш – 1,6 баробарга ошди. Шу вақт мобайнида нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан қўшимча равишда 204 минг тонна нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилди ва ички бозорда бензинга бўлган талаб тўла қондирилди.

Шу билан бирга, нефть-газ қазиб олиш бўйича 2007 ва 2017 йилларни таққослайдиган бўлсак, “Ўзбекнефтьгаз” компанияси корхоналарида табиий газ қазиб олиш 59 миллиард куб метрдан 42,3 миллиард куб метрга, нефть қазиб олиш ҳажми 3 миллион тоннадан 0,8 миллион тоннага, газ конденсатини қазиб олиш 1,8 миллион тоннадан 1,4 миллион тоннага камайган.

“Ўзбекнефтьгаз” АЖнинг 35-40 йиллар мобайнида хомашё базаси ҳисобланган асосий конлар – “Кўкдумалоқ”, “Шўртан”, “Зеварда”, “Денгизкўл” ва бошқа конлардаги захираларнинг камайиб кетиши қазиб олиш ҳажми пасайишининг асосий сабабларидан биридир.

2000 йилдан буён газ қазиб олиш таннархи 1000 куб метр учун 3,16 АҚШ долларидан 2018 йилда 20 АҚШ долларигача ошди. Бу биринчи навбатда, янги конлар ва захираларни қидириш ва разведка қилиш учун капитал қўйилмалари ошиши билан боғлиқдир.

Иккинчидан, “эски” конларда қазиб олиш даражасини ушлаб туриш учун компрессор станциялари қурилишига сармоя киритиш зарур. Буларсиз табиий газ қазиб олишнинг имкони йўқ.

Учинчидан, 1,5-2 километр чуқурликдаги углеводород конларини ўзлаштириш якунланиши сабабли бугунги кунда 3 километрдан зиёд чуқурликдаги конларни бурғулаш ва ишлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу янги захираларни қидириш, бурғулаш ва ишлаш билан боғлиқ харажатларни бир неча баробар оширади.

Бугунги кунда табиий газ қазиб олиш ва қайта ишлаш таннархи уни транспортировка қилиш ва сўнгги истеъмолчига етказишга кетадиган харажатларни ҳисобга олганда, 1 кубметр учун 845 сўмни ташкил этмоқда. Яъни, бир кубметр газни 380 сўмдан сотиш билан компания зарарига ишламоқда.

“Ўзбекнефтьгаз”АЖда бугунги кун талабидан келиб чиқиб, қатор йўналишларни ривожлантиришни назарда тутувчи “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Углеводород хомашёси геологоразведкаси ва қазиб олишни кенгайтириш – бу борадаги устувор вазифалардандир. Шундан келиб чиққан ҳолда, ички ресурслар ҳисобига Бухоро-Хива, Устюрт, Сурхондарё, Фарғонадаги ривожланган инфратузилмага эга анча истиқболли участкалардаги ишлар фаоллашди. Бундан ташқари, хорижий сармоядорлар ва етакчи нефть-газ компаниялари билан ҳамкорликда тадбиркорлик хавфи шартларида кам ўрганилган инвестиция блоклари ва мураккаб тоғ-геология шароитларига эга қазиб олиш қийин бўлган захираларда геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда.

2019-2030 йилларда углеводород ишлаб чиқаришнинг прогноз кўрсатгичларига эришиш учун киритиладиган умумий инвестиция ҳажми 9,8 миллиард АҚШ долларини, жумладан геология-қидирув ишларини олиб бориш учун 3,5 миллиард АҚШ долларини ва табиий газ қазиб олиш ҳажмини ошириш учун 6,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этади (963 та янги қазиб олиш скважиналари қурилиши, 487 та скважинада капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиши, 21-чи технологик қурилма, 6 та эзувчи ва 43 та мобиль блокли компрессор станцияларини ишга тушириш, шунингдек, 4,5 минг километрдан зиёд газ қувурлари қурилиши шулар жумласидан).

2017 - 2021 йилларда углеводород хом ашёсини қазиб олишни кўпайтириш Дастурида 3,2 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш кўзда тутилган.

Ҳозирги кунда Озарбайжоннинг “Socar”, Буюк Британиянинг “British Petrolium”, Франциянинг “Total”, Россиянинг “ЛУКОЙЛ”, “ГАЗПРОМ”, “ТАТНЕФТЬ”, БААнинг “Мубадала” ва Ҳиндистоннинг “ONGC” компаниялари томонидан геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда.

Нефть қазиб олиш бўйича замонавий технологиялар ва илғор тажрибага эга етакчи хорижий нефть компаниялари билан биргаликда захираларнинг қийин қазиб олинадиган конларида “хавф-сервис шартномалари” шартларида конларни ишлаш, Бухоро-Хива, Фарғона ва Сурхондарё ҳудудларидаги конларни ишлаб чиқишни якунлаш истиқболларини ҳамкорликда баҳолаш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига табиий газ етказиб беришни таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтьгаз” АЖ томонидан 2019-2025 йилларда табиий газ оқимларини мониторинг қилиш ва бошқариш (SCADA) тизимини жорий этган ҳолда магистрал газ транспорти тизимини модернизация қилиш учун халқаро молия институтларининг 1,5 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги кредитини жалб қилиш ишлари бошлаб юборилди.

Бензин ва дизель ёқилғиси

Бир литр автомобиль бензини учун – 4000 сўм, дизель ёқилғиси учун – 4800 сўм миқдорида белгиланган ҳозирги нархлар 2018 йил 1 ноябрда ҳисобланган. Ўшанда халқаро бозорда Brent маркасидаги бир баррель нефть нархи 58 АҚШ долларини ташкил этарди. Бугунги кунда ушбу маркадаги нефть нархи 60 АҚШ долларига етди.

Нефть маҳсулотлари нархлари ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уларни сотиш билан боғлиқ харажатлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Харажатларнинг асосий улуши (75-80 фоизи)ни углеводород хомашёси нархи ташкил этади. Йил бошидан буён жаҳон бозорида углеводород хомашёсининг нархи ошиб бориши кузатилмоқда. Бу эса, нефтни қайта ишлаш заводлари ва бутун тармоқнинг иқтисодий ҳолатига салбий таъсир кўрсатди.

Бугунги кунда сотиш учун зарур бўлган нарх қуйидагичадир: бир литр автобензин учун 4 602 сўм (2019 йилда бир литр бензин учун – 600 сўм ёки 884 миллиард сўм зарар), бир литр дизель ёқилғиси – 6 014 сўм ( 2019 йилда бир литр дизель ёқилғиси учун 1 214 сўм ёки 951 миллиард сўм зарар).

2019 йилда нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш балансига кўра, нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан маҳаллий етказиб берувчилардан углеводород хомашёсини олиш ҳамда солиштирма оғирлиги 45,7 фоизни ташкил этадиган углеводород хомашёсини импорт қилиш режалаштирилган.

Шахсий маблағлар етишмаслиги сабабли ушбу маҳсулотларни етарли миқдорда етказиб беролмаслик даражаси 56,2 фоизни ташкил этди.

Бу ўз навбатида нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун хомашё етказиб беролмаслик хавфини юзага келтиради. Бу айниқса, баҳорги агротехник тадбирлар давомида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари учун нефть маҳсулотларини етказиб беришнинг узилиб қолишига олиб келади.

Юзага келган ҳолатни ҳисобга олган ҳолда республикамиз истеъмолчиларини нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда “Ўзбекнефтьгаз” АЖ корхоналарининг молиявий аҳволини яхшилаш мақсадида 2019 йилнинг 15 августидан бошлаб автобензин ва дизель ёқилғиси қуйидаги нархлар бўйича сотилади:

Аи-80 маркадаги бир литр автобензин – 4 500 сўм;

Бир литр дизель ёқилғиси – 5 400 сўм;

Бир литр дизель ёқилғиси – 5 700 сўм.

Айни пайтда Ўзбекистонда автомобиль ёқилғисига бўлган нархлар МДҲдаги бошқа мамлакатлар, хусусан экспорт қилувчи мамлакатлар (Россия ва Қозоғистон)га қараганда арзонроқлигини таъкидлаш жоиз. Мамлакатимизда бир литр дизель ёқилғиси учун 0,57 АҚШ доллари даражасида нарх белгиланган бўлса, Россияда бу кўрсатгич – 0,71, Қозоғистонда – 0,5, Қирғизистонда – 0,63, Тожикистонда – 0,83 АҚШ долларини ташкил этади. Ўзбекистонда бир литр автомобиль бензини – 0,47, Россияда – 0,59, Қозоғистонда – 0,4, Қирғизистонда – 0,59, Тожикистонда – 0,81 АҚШ доллари деб белгиланган.

У.АШУРОВ,

“Ўзбекнефтьгаз” АЖ

бошқарув раиси ўринбосари

Манба: ЎзА