Андижон 24

СУВНИ СОТИБ ОЛАЁТГАН ЖАНУБИЙ ОЛАМУШУКЛИКЛАР


25.07.2019   9559

Жалақудуқ туманидаги Жанубий Оламушук шаҳарчасининг Навоий маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар ичимлик суви, шунингдек, томор-қада фойдаланиш учун оқин суви муаммолари ва бошқа масалалар юзасидан мурожаат қилишди.

Айтилган манзилга йўл олдик. Шаҳарчанинг Бирлашган маҳалласида кўчаларда кранлардан сув оқиб, исроф бўлаётганлигига гувоҳи бўлдик. Шикоят йўллаган Қаҳрамонжон Ибрагимов хонадони олдида маҳалла нуронийларининг уч-тўрт нафари кутиб олди.

Ҳудуд Нефтчилар шаҳарчаси деб аталиб, энг гўзал, энг обод гўшалардан бири бўлган. Учта маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, 8 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Умримни шу ерда ишлаб ўтказдим, дейди Шамсиддин Жиянбоев. Кундалик эҳтиёжимиз ҳисобланган ичимлик ва оқин сувлари долзарб муаммо бўлиб келмоқда. Ёрдам сўраб бормаган жойимиз қолмади. Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасидан ва "Сувоқава"дан уч-тўрт киши келиб, мавжуд иккита насосни ўрганишди. Адирликдаги фермер хўжаликлари рўкач қилиниб, катта насос станцияси қайта таъмирланиб фойдаланишга топширилди. Бироқ узоқ ишламади. Кичик насос станциясиниишга тушириш таклифимиз мутахассислар томонидан қабул қилинмади.

Сувнинг 1 тоннасини 25 минг сўмдан сотиб оламиз, дейди Шавкатбек Саидов. Бир ҳафтага икки тонна оиламизга етади. Ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, бир ойда 200 минг сўмдан ортиқ пулимиз обиҳаёт учун сарфланади. Томорқа ерларимизсувсизликдан қақшамоқда.Адирликнингпастки қисмида қувурлардан оқмоқда. Одамлар ундан экинларига ҳам фойдаланишмоқда. Кўча бошида бўлган сув бизгача етиб келмайди.

Аравага бочкаларни солиб, пастга сув олиб келиш учун тушаман, дейди ҳудуддаги нефть конида ишловчи Улуғбек Қурбонов. Мол-қўйларимиз борлиги учун эҳтиёжимиз юқори.

Ўзим ҳам ҳар куни қийналиб сув ташийман. Аввалари, ҳеч бўлмаса, соатлаб чиқиб турар эди. Энди эса шу ҳам йўқ, дейди Навоий маҳалласининг мутахассиси Соҳибахон Ортиқова.

"Сувоқава" давлат унитар корхонаси раҳбари Қаҳрамонжон Турғунов асли шу ерлик. У одамлар ўн йилдан буён сув масаласида қийналаётганлигини билишини айтди. Шаҳарча юқорида жойлашган ва сув олиб чиқиш қийинлигини тушунтирган бўлди.

Тасдиқланган йўл харитасига асосан "Андижон ичимлик сув таъминот хизмат" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари апрель ойида сув сақлаш ва тарқатиш иншоотини қуриш лойиҳасининг биринчи босқичини тугатишди, дейди Қаҳрамонжон Турғунов. Ушбу иншоот аҳолининг тенг ярмини таъминлай олади. Саноат маҳалласига келадиган бўлсак, босим юқори бўлмаганлиги туфайли тепага етиб келмаяпти. Айнипайтда лойиҳанинг иккинчи босқичини бошлаш учун маблағ кутиб турибмиз. Ажратилиши билан иш бошлаймиз. Шунда муаммо ҳал бўлади.

Нуронийларнинг айтишларича, кичик мелиоратив насос станцияси ишга туширилса, оқин суви билан таъминланиш, қуриб ётган томорқалар унумдорлиги ошиши мумкин. Бу ичимлик суви муаммоси ҳал бўлишига имкон беради. Адирликнинг тепа қисмида боғ бўлиб, бугун бўш ётган 15 гектар майдон ўрнида иссиқхоналар қуриб, даромад топишнинг ҳам иложи бор.

Шаҳарча аҳолисини қийнаётган асосий муаммолардан яна бири - автобуслар қатновининг йўлга қўйилмаётганлигидир. Оламушукликлар деярли беш-олти йилдан буён туман ёки вилоят марказига бориб келиш учун қийинчиликларга дуч келишмоқда. "Дамас" қатнови йўлга қўйилган бўлса-да, йўл нотекис, кира ҳақи қиммат.

Жорий йилнинг апрель ойида секторлар раҳбарлари сайёр қабул ўтказдилар, дейди Шамсиддин Жиянбоев. Жалақудуқ Жанубий Оламушук ва Жанубий Оламушук Андижон йўналишлари бўйича автобус қатновини йўлга қўйишга ваъда беришганди. Уч ойдан ошса ҳамки, ваъдага вафо йўқ.

Аҳолининг муаммоларига қулоқ тутиш ва уларни тез орада ижобий ҳал этишга киришиш зарур.

УмиджонМАМАРАСУЛОВ,

Рустамжон ЭШОНОВ,

«auz.uz» мухбирлари.