Бугуннинг гапи

СУДЛАР ҲИСОБОТ БЕРДИ


30.10.2018   222

Андижон вилоят телерадиокомпаниясида суд идоралари мутасаддилари иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар таҳлил этилди. Ҳусусан, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси Жўрабек Қорабоевнинг маълум қилишича, 13 минг 101 та фуқаролик ишлари кўриб чиқилган ва тамомланган. Аксарият йўналишлар бўйича кўрилган ишлар ўтган йилга нисбатан камайган бўлсада, никоҳдан ажратиш, қарз ундириш, боланинг яшаш жойини ёки бола билан кўришиш тартибини белгилаш, оталикка эътироз билдириш, ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни буздириш, мулкни рўйхатдан ёки хатлашдан чиқариш, маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган зарарни қоплаш каби тоифалари ортган.

Вилоятда маъмурий судлар томонидан 20 минг 479 нафар шахсга нисбатан 16 минг 234 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилган. Шундан 12 минг 850 нафар шахсга нисбатан 10 минг 821 та иш бўйича жазолар қўлланилган ва 7 минг 629 нафар шахсга нисбатан 5 минг 413 та ишлар ҳаракатдан тугатилган. Шунингдек, вилоят маъмурий суди раиси Отабек Мирзамаҳмудов “Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталди.

Иқтисодий судларга ариза ва даъво аризалари келиб тушиши 6 минг 328 тага кўпайган. Бунга аксарият ҳолларда хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорлар томонидан ўз вақтида солиқ қарздорлигини тўламаслиги, савдо қоидаларини бузиш, банкротлик, шартнома шартлари ва талабларига амал қилмаслик сабаб бўлган. Вилоят иқтисодий суди судьяси Саидумар Шокиров сайёр судларга эътибор қаратилиб, профилактик ишлар олиб борилаётгани, 9 ой давомида 78 фоиз низоли ишлар шу тартибда кўриб чиқилгани ҳақида гапирди.

Шунингдек, брифингда жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи Адҳамжон Мирзаев кўрилган ишлар ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ҳақида маълумот берди.

М.ТЎХТАНАЗАРОВ.