Андижон 24

СУД ҲУЖЖАТЛАРИ ИЖРОСИ: МАВЖУД МУАММОЛАР ҲАМКОРЛИКДА ҲАЛ ЭТИЛАДИ


15.07.2021   787

Суд ҳужжатлари ижросининг қонуний муддатларда тўлиқ таъминланиши судларнинг нуфузини ошириш баробарида фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг манфаатларини кафолатли ҳимоялашга хизмат қилади. Шу боис ҳам айни мавзуда сифат ва муддат масаласи ҳамиша долзарбдир.

Андижон шаҳрида вилоят суди судьялари, Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ҳамда ҳудудий бўлимлари ходимлари иштирокида “Суд ҳужжатлари ижросини амалга ошириш жараёнида юзага келаётган муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш йўллари” мавзуида ўтказилган давра суҳбатида юқоридаги масала муҳокама марказида бўлди.

Тадбирда вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев, вилоят суди раиси ўринбосари Шоядбек Мирзаев, Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Джалилов, бошқарма бошлиғи ўринбосари Баҳром Насриддинов, бошқарма суриштирувчиси Алишер Жабборовлар соҳада юзага келаётган муаммолар, уларни ҳал қилиш йўллари, умуман, айни йўналишда ягона амалиётни жорий этиш борасида ўз фикрларини билдирдилар.

Қайд этилишича, вилоят судлари томонидан шу йилнинг биринчи ярмида МИБнинг туман ва шаҳар бўлимларига юборилган суд ҳужжатларининг аксарият қисмининг ижроси муайян сабабларга кўра якунига етмай қолган.

Муҳокамада айнан шу масала билан боғлиқ ҳолатлар ўртага ташланиб, туркум мисоллар асосида таҳлил этилди.

Давра суҳбатида суд ҳужжатларига асосан ундирувни гаровга қўйилган мулкларга қаратишда амалиётда муаммолар мавжудлиги ҳам таъкидланди. Мисол учун, гаровдаги айнан бир предметга нисбатан ундирувни қаратиш юзасидан жиноят ишлари бўйича ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ҳам ижро ҳужжатлари қабул қилиниши ҳолатлари кузатилганлиги қайд этилди.

Судлар томонидан мазкур тоифадаги ишларни кўриш жараёнида гаровдаги мулкларнинг йўқотилганлиги, бузиб ташланганлиги, нобуд бўлганлиги, шикаст етказилганлиги, ўзлаштирилганлиги, бегоналаштирилганлик ҳолатлари аниқланган тақдирда суд томонидан қандай ҳаракатлар амалга оширилиши юзасидан саволлар ўртага ташланди.

Муҳокама жараёнида суд ҳужжатлари ижросини тез ва сифатли ҳал қилиш йўллари келишиб олинди.