Андижон 24

СУБСИДИЯ МУҲТОЖГА ЕТИБ БОРЯПТИМИ?


02.07.2020   669

Бугун кўпчилик ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, бир йилда 3 мартагача ҳосил олаётганлари ҳам орамизда кўплаб топилади.

Пандемия туфайли юртимизда эълон қилинган қатъий карантин вақтида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш, ички бозорда нарх-наво ошиб кетмаслиги кўп жиҳатдан томорқалардан қанчалик оқилона фойдаланишимиз, кичик бўлсада, тадбиркорлик билан шуғулланишимизга боғлиқ.

Президентимизнинг «Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора тадбирлари тўғрисида»ги қарори жуда кўп томорқачиларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топиб беради, десак, муболаға бўлмайди.

Томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб беришни ташкил этиш, тижорат банклари билан биргаликда уч ой имтиёзли давр билан бир йил муддатга 4 фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш йўналишида 2 миллион сўмгача Оилавий тадбиркорлик маркази хулосасисиз Оn-line тарзда томорқа ер эгаларига микрокредитлар ажратиш механизмини жорий этиш тартиблари белгиланди.

Қалови топилса, қор ҳам ёнади. Ечими қийин ёки узоққа чўзиладиган муаммони айтиб, ўзини ўзи овутишдан натижа чиқмайди. Шунинг учун бор имкониятга қараб ҳаракат қилиш зарур. Сув йўқлиги ёки доимий эмаслигини баҳона қилмай, ҳаракатсиз ўтирмай, ҳатто дашт ерларда ҳам деҳқончилик билан шуғулланиб, ҳосил олаётган, ризқ топаётган меҳнаткаш юртдошларимиз йўқ эмас.

Охирги вақтларда камбағал оилаларга берилаётган ер майдонлари ризқ гарови. Ҳозирда ана шу ерлардан ҳамма ҳам оқилона фойдаланяпти, дея олмаймиз. Битта ва катта сабаб (кимлар учундир баҳона) сув камлиги, кейингиси «эккан экинларимиз саратонда сув етишмаслигидан қуриб қолади», деган қўрқув.

Биргина Фарғона тумани мисолида оладиган бўлсак, 3 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида тадбиркорларга 1 гектар ер акцияси доирасида малиначилик ва анорчилик билан шуғулланишлари учун ер ажратилган. Лекин бу ерлардан ҳосил олиш учун, ҳеч бўлмаганда, 3 та суғориш қудуғи қазиш зарур. Умуман, тумандаги яна 20 та маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли томорқалардан фойдаланишда сув танқислигидан қийналмоқда.

Бундай ҳудудлардаги муаммоли ҳолатларни бартараф этиш, аҳолига имкон қадар ёрдам кўрсатиш Президент қарорида алоҳида эътиборга олинган. Хусусан, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан камида 30 та аҳоли томорқаларини суғориш учун ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш харажатларининг 70 фоизини, бироқ 120 миллион сўмдан ошмайдиган қисмини қоплашга субсидия ажратилиши белгиланди.

Бу имконият ва енгилликлардан адолатли, самарали фойдаланиладими? Биз барча даражадаги депутатлар депутат бўлиб шу саволни ўзимизга бериш билан чекланмасдан, қизғин, баҳсли, тортишувли жараённинг ичига киришимиз керак. Чунки субсидияни ҳақиқий муҳтожларга бермаслик ёки адолатсиз тақсимлаш, бўлиб олиш ҳолатлари кузатилиши мумкин. Ҳозир ресурслар учун кураш кетмоқда, бу курашда муҳтожлар ютқазиб қўймаслиги учун астойдил ҳаракат қилишимиз зарур.

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Манба:УзА.