Андижон 24

СОВУҚҚА ЧИДАМЛИ МАРҲАМАТЛИКЛАР


30.01.2019   1347

“Андижоннома”нинг 2018 йил 20 январъ кунги №6-сонида юқоридаги сарлавҳа билан танқидий мақола берилган эди. Унда Марҳамат туманида аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш борасидаги муаммолар кўтарилган. Бироқ орадан бир йил ўтсада на туман ҳокимлиги, на масъул ташкилотлар бизга жавоб хати йўллади. Бу биргина ижро интизомига амал қилмаслик бўлса майлику-я. Муаммолар ечимини топдими? Айни шу саволга жавоб топиш мақсадида биз яна мавзуга қайтдик.

Тошлоқ МФЙда яшовчилар айтавериб чарчаган кўринади. Атиги 60 хонадонга узилишлар билан “зангори олов” кириб боряпти. Қишнинг совуқ кунларида улар қандай кун кечираётгани хақида гапиришнинг хожати йўқ.

-Янги йил байрами куни кутилмаганда табиий газ ёнди.-дейди фуқаро Юсуфжон Олимов.- Бироқ қувончимиз узоққа чўзилмади. Эртасидан яна эски холат. Шунисига ҳам шукр.

- 450 та хонадон эгалари суюлтирилган газ баллонидан фойдаланади,-дейди МФЙ котиби Умаржон Атахонов.-Бироқ 40 кун ва ундан ҳам кўпроқ вақтда алмаштирилаётгани фуқароларнинг норозиликларига сабаб бўлмоқда. Бу муаммо қачон ечимини топади...

Аҳоли талабидан келиб чиқиб. 250 тонна кўмирга буюртма берилган. Бироқ унинг бешдан бир қисми олинди, холос. Шу сабабтошлоқликлар иссиқ кунларни интизорлик билан кутмоқда.

Бозорбоши МФЙдаҳам қиш ташвишлар фаслига айланган. Тўғри, аксарият хонадонларда суюлтирилган газ баллони мавжуд. Бироқ бу билан уйларни иситиб бўлмайди. Атиги 145 тонна кўмир олиниб, тақсимланган эди. Қаторхонадонларда 2-3 хўжалик бирга яшагани сабаб, ёқилғи захираси тугади. Аёзли кунлар эса давом этмоқда.

Марҳаматда яна куз-қиш фаслига тайёргарлик эътибордан четда қолган кўринади. Бир йил илгаримасалани газетага олиб чиққанимиздан ҳам тўғри хулоса чиқарилмаган чоғи. Балки бу саволга кеч бўлсада туман раҳбарлари жавоб берар?..

Акбаржон НАЗАРОВ.