ЖАМИЯТ

СОЛИҚ ҲАҚИДА СИЗ НИМАНИ БИЛАСИЗ?


01.08.2019   2655

Андижон вилояти Булоқбоши туманининг “Энергетик” болалар оромгоҳида вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан “Солиқ хақида Сиз нимани биласиз?” номли викторина ўтказилди. Оромгоҳда ҳордиқ чиқараётган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг солиқлар хақидаги билимларини ошириш ҳамда солиқ маданиятини шакллантириш мақсадида ташкил этилган бу тадбирда болалар бир неча йўналишлар бўйича қатнашдилар. Улар солиқлар ва солиқ тизими хақидаги билимларини ўзларининг чизган расмлари, ёд олган шеърлари, тайёрлаган савол-жавоблар ва саҳна кўринишлари орқали акс эттиришди.

Алиботир Мўминов томонидан чизилган расмда солиқлар нима учун тўланиши ва нималарга сарфланиши атрофлича ёритиб берилганлиги ҳайъат аъзолари томонидан “Солиққа оид энг яхши расм” деб топилди.

Солиқ сиёсатини эркинлаштириш ва такомиллаштириб бориш жараёнида унинг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, ҳар бир солиқ тўловчининг қачон қанча солиқ тўлаши ва унинг нимага сарфланиши ҳақида маълумотга эга бўлиши уларнинг солиқ тўлашдан бўйин товламасдан, даромадларини яширишга уринмасдан, аксинча, ўз ишлаб чиқаришини ривожлантириш ва даромадини оширишга интилиши учун шарт-шароит яратади. Айниқса, солиқ маданиятининг болаликдан шакллантирилиши бу борадаги ишлар самардорлигини янада оширади десак муболаға бўлмайди.

Бинобарин, солиқ сиёсатининг мазмун-моҳияти, мақсади, амал қилиш шакли ва воситалари ҳар бир кишини, хусусан, ёшларни қизиқтирар экан, солиқ саводхонлиги ва қонунчилиги бўйича фуқароларда ёшликдан кўникма ҳосил қилиб бориш солиқ тарғиботидаги энг мақбул усулдир.

Тадбир сўнгида номинациялар бўйича аниқланган ғолиб жамоалар вилоят давлат солиқ бошқармасининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Андижон вилоят Давлат солиқ бошқармаси

Ахборот хизмати