ЖАМИЯТ

Соғлом ва баркамол фарзандлар замонавий МТМларда тарбияланадилар


01.03.2018   1295

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг Андижон давлат университетидаги учрашуви мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, тизимда хусусий секторни ривожлантиришга бағишланди.

Бугунги кунда вилоятдаги давлат мактабгача таълим муассасаларида 5 минг 172 нафар ходим фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларнинг 755 нафари олий маълумотли, холос. Жорий йилда 325 та нодавлат хусусий мактабгача таълим муассасаси ишга туширилиши кўзда тутилган. Демак, шунча мудира, яна юзлаб тарбиячи ва ёрдамчи тарбиячи, руҳшунос, мусиқа ва спорт раҳбари вазифалари учун олий маълумотли педагог кадрлар зарур. Бундан ташқари, белгиланган меъёр талаблари асосида ҳамшира, кир ювувчи ҳамда ошпазларга эҳтиёж бор. Кадрларга бўлган эҳтиёжни мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ҳисобига тўлдириш мумкинлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, МТМларда ишлаш истаги бўлган олий маълумотли номутахассис педагог кадрларнинг касбий қайта тайёрлов курсларида бепул таҳсил олишлари учун шароит яратиш имкониятлари ҳақида ҳам гап борди.

Тадбирда сўзга чиққан университет ректори Акромжон Йўлдошев, вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Муқаддасхон Абдуллаевалар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.