Андижон 24

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ: ЭНДИ ЎЗБЕКИСТОНДА ИНСУЛИН ТАННАРХИ ЯНАДА АРЗОНЛАШАДИ


31.05.2019   1293

Жорий йилнинг апрель ойида Андижон туманидаги Хартум қишлоғида йилига 10 миллион флакон инсулин дори воситаси ишлаб чиқариш қувватига эга завод иш бошлаган эди. Айни пайтда бу ерда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Zamin Bio Health МЧЖ билан ҳамкорликда қандли диабет касаллигини даволашда қўлланиладиган «Инсулин» препарати ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Дарё»га хабар берди.

Маълумки, қандли диабет хасталиги инсулин гормонининг тўлиқ ёки қисман етишмовчилигидан келиб чиқади. Натижада, қонда гипергликемия – қондаги глюкоза миқдорининг давомли ортиб бориши кузатилади. Касаллик сурункали давом этиши ва организмдаги моддалар алмашинув жараёнлари (углевод, ёғ, оқсил, минерал ва сув-туз алмашинуви)нинг бузилиши билан намоён бўлади.

Ушбу касалликка даво сифатида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган дори воситасини сифатли, халқаро талаблар даражасида тайёрлаш бўйича зарур бўлган клиник тадқиқот ишлари муваффақиятли якунланди. 3 хил кўринишга эга бўлган Juslin N, Juslin R, Juslin 30/70 инсулин препаратлари тадқиқот давомида беморларда ижобий натижа кўрсатди.

Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ушбу препаратлар давлат рўйхатидан ўтказилиб, тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилди.

Шу пайтга қадар инсулин дори воситаси мамлакатга четдан келтириларди. Завод ишга тушиши натижасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 30 фоизи мамлакат ички бозори талабини қоплашга йўналтирилади. Бу эса дори воситасининг импорт ҳажми камайишига, экспорт имконияти кенгайтиб, таннархи арзонлашишига олиб келади.

Манба: daryo.uz