Андижон 24

«СОДИР БЎЛГАН ВОҚЕА БУТУН ОИЛАМИЗНИ ОҒИР ВАЗИЯТГА ТУШИРИБ ҚЎЙДИ»


15.06.2020   1891

Ижтимоий тармоқлар ва бир қатор сайтларда Андижонда ички ишлар органлари ходимлари томонидан Андижон шаҳри, "Наврўз" маҳалласи, Маҳжурий кўчасида яшовчи 1976 йилда туғилган Алижон Абдукаримовнинг ички ишлар бўлинмасида ноқонуний ушлаб турилгани, калтаклангани ва натижада вафот этгани ҳақида маълумотлар тарқалган.

Ўзи нима бўлган эди? Нима учун аҳвол шу даражага бориб етди? Нима учун ички ишлар тизими ходимлари ноқонуний хатти-ҳаракат қилди, каби бошқа қатор саволлар бугун барчани қизиқтириши табиий.

Марҳум Алижон Абдукаримов 1976 йилда Андижон шаҳрида таваллуд топган. Савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланган. Маҳалладошлари, оила аъзоларининг айтишича, маҳалланинг тўй-маъракаларида, жамоат ишларида фаол, тинч тирикчилик ўтказиб келган фуқаро бўлган. Ички ишлар бўлимида ҳисобда турмаган.

А.Абдукаримовнинг турмуш ўртоғи, 1986 йилда туғилган Махсума Абдуллаева ҳамда унинг акаси Зокиржон Абдукаримовнинг таъкидлашларича, жорий йил 29 май куни тунги 21:00 ларда фуқаро кийимида бўлган, ўзларини ички ишлар ходими, деб таништирган уч нафар киши келиб, А.Абдукаримовни куч билан олиб кетишмоқчи бўлган. Дод-фарёд солиб, йўлларини тўсган ҳомиладор хотинини ҳам четга суриб ташлаб, турмуш ўртоғининг қўлларини қайриб, уйидан олиб чиқиб, машинага солиб олиб кетишган.

Шу воқеадан кейин хотини, синглиси қариндош-уруғларига хабар беришади. Улар вилоят ички ишлар бошқармаларига боришиб, А.Абдукаримовнинг ходимлар уйидан олиб чиқиб кетишганини айтиб, унинг қаердалигини суриштиришган. Орадан бир-икки соат ўтиб, улар Андижон шаҳар ички ишлар бошқармаси 4-бўлинмасида ушлаб турилганидан хабар топишган. Бўлинмага бориб, сўраб-суриштиришганида А.Абдукаримов ҳақида бирор бир аниқ жавоб айтилмаган. Лекин у тонггача ушлаб турилган, марҳумнинг яқинлари эса тонггача бўлинма эшиги олдида кутиб турганлар.

Эрталаб соат 6:00 ларда бўлинмага тез ёрдам машинаси келган ва хушсиз, калтакланган А.Абдукаримов Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази вилоят бўлимига олиб кетилган. Касалхонада бир неча кун ҳушсиз ётиб, вафот этган.

– Укамнинг бирор жиноят қилганидан хабарим йўқ,– дейди А.Абдукаримовнинг акаси Зокиржон Абдукаримов. – Айтишларича, қандайдир олди-бердида воситачилик қилган, ўртада қанчадир пул йўқолган экан. Ахир бундай келишмовчиликнинг юзага келиши ҳар бир инсон билан бўлиши мумкин бўлган ҳолат. Балки, укамнинг қандайдир айби бордир ёки уйдан мажбур олиб чиқиб кетишгани учун ходимларга қаршилик қилган, сўккан бўлиши мумкин. Наҳотки, шунинг учун фуқаро ўладиган даражада калтакланса?

Биз яшайдиган маҳалла Андижон шаҳар ИИБ 2-бўлинмаси ҳудудига киради. Нима учун у 2-бўлинмага эмас, айнан 4-бўлинмага олиб кетилди. Умуман, содир бўлган воқеа бутун оиламизни оғир вазиятга тушириб қўйди. Нима бўлганда ҳам энди укамни ҳеч ким ҳаётга қайтара олмайди. Мақсадимиз, адолат қарор топсин, айбдорлар қилмишига яраша жазосини олсин.

Ички ишлар органлари ходимларининг Андижондаги қилмиши бўйича Ички ишлар вазирлиги расмий баёнот берди. Жумладан унда шундай дейилади:"Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан зудлик билан хизмат текшируви тайинланиб, ўтказилган текширув хулосасига кўра, фуқаро А.Абдукаримовнинг ички ишлар бўлимида ноқонуний ушлаб турилганлиги ва бошқа ноқонуний ҳолатлар бўйича бир қатор ходимларга нисбатан кескин интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Хусусан, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ички ишлар бўлими жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакиллари катта лейтенант Ф.Хусанбоев, катта лейтенант Э.Райимжонов ва катта лейтенант Қ.Қодиров ички ишлар органларидан бўшатилган. Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник С.Усманов ва Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник П.Мамажонов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган. Бундан ташқари, 19 нафар раҳбар ва ходимларга турли кўринишдаги қатъий интизомий тартибдаги жазолар қўлланилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек муқаддас бурчига хиёнат қилган ҳеч бир ходим кечирилмайди. Юзага келган мазкур ҳолат бўйича ваколатли органлар томонидан адолатли тергов-суриштирув ишлари амалга оширилади ҳамда қонун устуворлиги ва жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланади".

Хўш энди нима бўлади? Айбдорлар қилмишига яраша жазо оладими?

Мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик, фуқаролик жамиятини қуриш, қонун устуворлигини таъминлаш учун бутун халқимиз ҳаракат қилмоқда. Демократик жамиятда қонун барча учун баробар бўлиши керак. Юртимиздаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятининг, жамият тараққиётининг ана шу қоидасини, энг аввало, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳар бир ходими чуқур англаб етиши керак. Зиммасидаги бурч, масъулиятни англамаган ходим халқимиз тинчлик-осойишталигининг поспони бўлган идоралар шаънига қаро доғ туширмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Юқоридаги ҳолат юзасидан ваколатли идоралар томонидан текширувлар ўтказилиб, албатта, адолат қарор топишига ишонамиз.

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

Манба: ЎзА