ЖАМИЯТ

СИЗ НИМА ДЕЙСИЗ? "НАУШНИК" (ҚУЛОҚЧИН) ТУТГАН ҚИЗ


30.03.2019   1435

Яқинда шу воқеани эшитдим: туман марказларидан биридаги чорраҳадан қулоғига "наушник" (уни ҳозир "қулоқчин" деб аташ расм бўлган) тақиб олган қиз дунёни унутиб, ҳеч нарсани ўйламасдан, фақат алдамчи матоҳ таъсирига тушганча олдидан ўтаётган енгил машинага чап бераман деб, ўзини орқага уради. Ортидан келаётган юк машинаси босиб кетади. Қиз шу жойнинг ўзида ҳаётдан кўз юмган. Хонадонида тўйга тайёргарлик кетаётган экан. Қудалар баҳорнинг илиқ-иссиқ кунларини мўлжаллаб туришган. Ҳаммаси барбод бўлди.

Бу воқеада ким айбдор? Чорраҳадан ғизиллаб ўтаётган машина ҳайдовчисими? Эҳтиётсизлик қилган қизми? Мен бемаврид "қулоқчин" тутиб, мобиль алоқа воситасининг "қул"ига айланиб қолиш оқибати фожиага олиб келди, деб ҳисоблайман.

Машинада кетаётиб катта йўл ёқасида турган ўн беш нафарга яқин қизлар ва йигитларга атайин разм солдим. Ҳаммасининг қўлида телефон, қулоғида "наушник". Нимабўляпти ўзи? Ахир бутун дунёда алоқа воситаси, деб эътироф этилган "дастёр"лар нега фаросатсизлик унсурига айланиб қоляпти?

Мобиль алоқа воситаларидан қандай фойдаланиш масаласини оиладан бошлаш керак. Йигит-қизларнинг ота-онаси, ака-опаси йўл-йўриқ беришга қодирми? Не ажабки, қулоғига "наушник" тақиб юрган катта ёшдаги кишиларни ҳам учратяпмиз. Энгагида ўша матоҳ, қўлида телефон билан йўлни бамайлихотир кесиб ўтаётганларга жарима жазолари белгиланган-ку! Нега амалда қўлланилмаяпти? Қоидани бузган ҳайдовчиларнинг таноби тортилаётганлиги маълум видеокамералар ишлаб турибди. Бироқ ҳаддидан ошиб кетаётган ўзбошимча йўловчилар-чи? Буни ҳам жиддий ўйлаб кўриш керак.

Муҳаммадамин

АБДУПАТТОЕВ,

талаба.