Андижон 24

СИЗ КИМЛАРНИНГ АВЛОДИСИЗ? ШАЖАРАНИ АНИҚЛАЙДИГАН ЯНГИ ЭКСПЕРТИЗА ТУРИ ҲАДЕМАЙ БУНГА АНИҚЛИК КИРИТАДИ


10.03.2020   651

Ўзбекистонда Y-хромосома орқали инсонларнинг генетик келиб чиқишини, шажарани аниқловчи янги экспертиза тури жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Республика суд экспертиза марказининг лаборатория мудири Дилобар Аҳмедова матбуот анжуманида маълум қилди, дейилади “Дарё” хабарида.

«Бу борада лабораториямизда нафақат пулли хизматлар кўрсатамиз, балки экспертиза жараёнида ҳам Y-хромосомалар орқали кўп жиноятларни очишда ёрдам берамиз.

Y-хромосома бу одатда эркак жинсидаги шахсларда ота авлоддан наслдан наслга ўтадиган генетик белги ҳисобланади ва у ота авлод бўйича ўтиб боради. Умуман, ДНК шундай моддаки, у нафақат одамнинг шахсини, қариндошлигини, балки унинг келиб чиқишини, ҳаёти давомида мавжуд бўлган касаллиги ҳақида маълумотлар олиш имкониятини берувчи модда ҳисобланади. Шу тадқиқотлар йўли орқали бизга мурожаат қилган фуқароларнинг ота авлод бўйича келиб чиқиши кимларга бориб тақалишини аниқлашимиз мумкин», — дейди Дилобар Аҳмедова.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, бундай экспертиза тадқиқотларини ўтказиш учун буюртмачи ҳамда солиштирма намуна зарур бўлади.

Матбуот анжуманида жорий этилиши режалаштирилаётган экспертиза орқали одамларнинг этногенетик келиб чиқишини, яъни этногенез бўйича турк, араб, тожик ёки бошқа этник гуруҳга мансублигини ҳам аниқлаш мумкин бўлиши билдирилди.