Сайлов - 2021

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР САЙЛОВДА ИШТИРОК ЭТИШ ТЎҒРИСИДА АРИЗА ВА НОМЗОДЛАР ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТЛАР ТАҚДИМ ЭТДИ


10.08.2021   539

Жорий йилнинг 9 август куни Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ваколатли вакиллари партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат сураб берилган аризаларни тақдим этди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 63-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига бир қатор ҳужжатларни тақдим этиши керак. Хусусан, сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотнома, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотлар.

Тадбир давомида Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиянинг ваколатли вакилига ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома тақдим этилди.

Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида беш кунлик муддат ичида узил-кесил қарор қабул қилади ҳамда сиёсий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномасини ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини беради.

Сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризаларнинг келиб тушиши навбати тартибида марказий матбуотда эълон қилинади.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати