Андижон 24

СИРДАРЁЛИКЛАР АНДИЖОН ВИЛОЯТИ ТАЖРИБАСИНИ ЎРГАНМОҚДА


21.06.2021   2253

Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Ўлмасбек Мамадаминов бошчилигида бир гуруҳ маҳалла раислари, маҳалла билан ҳамкорликда ишловчи корхона ва ташкилотлар раҳбарлари Андижон вилоятида бўлди.

– Бундан асосий мақсад, Андижонда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кўриш, илғор тажрибаларни ўрганиш, – дейди Ў.Мамадаминов. – Андижонликларнинг илғор тажрибалари келгусида фаолиятимизни самарали олиб боришда, шубҳасиз, ёрдам беради.

Улар дастлаб Избоскан туманидаги Урганжи маҳалласида бўлиб, маҳаллада турли йўналишларда «маҳаллабай» тизими асосида олиб борилаётган ишлар билан танишди, тадбиркорликни йўлга қўйиш, томорқадан унумли фойдаланиш, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш борасидаги илғор иш услублари, тажрибаларни ўрганди.

Шунингдек, туманда «Соҳиб омад баракаси» кластер корхонаси томонидан ишга туширилган “And gold” тикув-трикотаж корхонасининг фаолияти билан яқиндан танишилди.

Андижон туманида 4 минг гектар ҳудудда 411 минг аҳолига мўлжалланган Янги Андижон шаҳрини қуриш бўйича бошланган ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Андижон тумани Шоҳизинда маҳалласи «Аёллар дафтари»га киритилган аёллар билан ишлаш, кредит олиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган аёллар иш фаолияти кўрилди.

Меҳмонлар Андижоннинг турли гўшаларида бўлиб, жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги ишлар, маҳаллага қаратилаётган эътибор, айниқса, маҳалла фуқаролар йиғинлари идораларида яратилган шарт-шароитларга юқори баҳо берди.

Сирдарёликлар андижонликларнинг иш тажрибасини ўрганиш асносида Андижоннинг диққатга сазовор жойлари билан ҳам танишди.