Бугуннинг гапи

СИҲАТ УЛАШУВЧИЛАР СИҲАТГОҲГА ЙИҒИЛДИЛАР


10.11.2019   1874

Бугунги якшанбанинг шу соатлари, шу дақиқаларида Андижоннинг энг сўлим ва мусаффо гўшаси – Хонобод шаҳридаги Хонобод сиҳатгоҳида Тиббиёт ходимларини шарафлаш тантаналари бўлиб ўтмоқда.

Аслида соҳанинг турли тармоқ ва йўналишларида самарали меҳнат қилаётган 500 нафардан зиёд қалби тоза, дили пок ходимлари курорт шаҳрига вилоятимизнинг барча ҳудудларидан аввалроқ ташриф буюрдилар. Шанбанинг иккинчи ярмида Хонтоғда бунёд этилаётган дала-ҳовлилар, Оловиддин оромгоҳи ва Хонобод санаторийсига жойлашган шифокорлар кечга қадар мириқиб хордиқ чиқардилар. Ҳазил-мутойибага бой турли спорт ўйинлари, кўнгилочар тадбирлар, концерт дастурлари бўлиб ўтди.

Инсон саломатлиги посбонлари йил 12 ой, етти ҳафта, 24 соат мобайнида халқимизга хизмат қиладилар. Вазифаларини бажаришда кўнгилни хира қиладиган вазиятларга ҳам дуч келадилар. Айтиш жоизки, тиббиётчиларни шарафлаш тантаналари кундалик иш жараёнида йиғилиб қолган барча ғубор ва чарчоқларни аритди.

Кеч куз бўлишига қармай, табиат ҳам тиббиётчиларни илиқ кутиб олди. Сиҳатгоҳнинг яшил майдонларига тузалган тўкин дастурхон атрофида маслакдош, ҳамфикр инсонлар жойлашмоқда. Саҳий қуёш нурлари даврага ўзгача кайфият бағишлади.

Байрам бошланмоқда. Уни биргаликда кузатамиз.