ЖАМИЯТ

Сифатли, бежирим ва табиий ҳунармандлик маҳсулотлари хорижда харидоргир


18.04.2018   1510

Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони соҳага янгича қарашлар, тизимли иш тутумини жорий этмоқда.

"Ҳунарманд" уюшмаси Андижон вилояти бошқармаси ўз атрофига ўттиз тўрт йўналишда фаолият кўрсатаётган икки мингга яқин уста ҳунармандларни бирлаштирган. Мазкур Фармонга кўра, 2017 йилнинг 1 декабридан уюшма аъзолари бўлган субъектлар маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқ тўловидан тўлиқ озод этилдилар. Республика миқёсида ҳунармандлар учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 5 йил муддатга мўлжалланган жами 50 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит линияси очилди. Бу "Микрокредитбанк","Халқ банки" ҳамда"Агробанк" АТБ лари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

– Соҳани ривожлантириш борасидаги Комплекс чора-тадбирлар дастурининг биринчи босқичи якунланди,– дейди"Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳлохон Солиева. – I чоракда ҳунармандларнинг умумий қиймати 9 миллиард 375 миллион сўмлик314 та лойиҳаси молиялаштирилди. 1 минг 155 та янги иш ўрни яратилди. Иккинчи босқичнинг дастлабки кунлариданоқ фаолиятини кенгайтириш истагидаги аъзоларимиз сони ортганидан мамнунмиз. Улар томониданбугунгача 619 та лойиҳа топширилди.

Вилоятимиз маркази бўлган Эски шаҳар ҳудудида Жомеъ комплексининг ишга туширилиши баробарида халқимизнинг азалий анъаналарини намойиш этиш учун кенг майдон яратилди. Тарихий-анъанавий архитектура услубида қурилган ҳудуддашарқ бозори услубида савдо расталари ва туристларни жалб этиш учун бошқа объектлар жойлаштирилган. Мажмуа ҳудудида 60 дан зиёд ҳунармандларнинг дўкон-устахоналари фаолият кўрсатаётир.

"Андижонча" беқасам, адрас тўқишнинг асл нусхалари, каштачиликда ўзига хос ироқи чок турлари, қадимий жияк тўқиш услуби, пичоқчиликда ўйма безаклар, кулолчиликда эса ўзига хос анъанавий шакл ва жилолар, заргарлик соҳасида балдоқсозлик мактаблари бу маконда ҳунармандчилик қадимдан ривожланганлигидан далолат беради. Мажмуада бу жиҳатлар ўз мужассамини топганлиги Белгия, Испания, Жанубий Корея, Туркия, Хитой давлатларидан келган туристларда катта қизиқиш уйғотяпти.

– Ота-боболар ҳунарини эгаллаб кам бўлмаяпмиз, – дейди кўплаб халқаро кўргазмалар иштирокчиси шаҳрихонликуста ва кандакор Содиқжон Неъматов. – Шогирдларим Умиджон Қодиров, Тоҳиржон Иминовлар қадимий пичоқ, қайчи, обдасталарнинг нусхаларини тиклаш устида изланишяпти.

Мадинахон Абдураимованинг кашталари ўзига хос. У улуғ сиймоларни ипак ипларда моҳирона акс эттиряпти. Хуршидбек Абдураимов замонавий технологияларни қадимий анъаналарга уйғунлаштирган. Масофадан бошқариладиган бешиклари ҳайратингизни оширади.Яна бир растада Марямхон Эргазиева ясаган қўғирчоқлар, яна бирида олтинкўллик Омадбек Пиримқуловнинг хон саройи аёнларини акс эттирган шахмат доналари. Кулолчи Мирзабаҳром Абдуваҳобов маҳсулотларга ранг танлашда ишқор, кристалл, кварц сингаритоғ унсурларидан фойдаланади. Ҳозирда у мозаика усулидагикафель ва плиткаларни ишлаб чиқаряпти.Адрас, атлас, мисириш, беқасам, алак, шойи матоларини кўриб, инсоннинг қўли гуллигига амин бўласиз.

– Фармондан сўнг экспорт фаолиятини рағбатлантириш,хорижий валютани эркин тасарруф этиш ҳуқуқи берилди, – дейди чарм-пойабзал маҳсулотлари устасиХуршид Нурматов – Рағбат ва эътибор соҳамиз довруғини халқаро миқ-ёсда кенг намойиш этишга ундайди. Ҳозирги кунда Қозоғистон Республикасида андижонлик ҳунармандлар бемалол савдо қилмоқдалар. Маҳсулотларимизнинг табиийлиги, сифати, бежирим кўриниши юқори баҳолан-япти. Қарийб 6 минг долларлик соф фойда кўришни мўлжаллаб турибмиз.

Уста Абдумалик Мадраимовнинг мактаби – ғижжаки Бобурий томониданясалган мусиқа асбоблари Қозоғистон мусиқа муассасаларига етказиб берилмоқда.

Фармонда ёшларни ҳунарга ўқитиш ва ҳунармандчилик кўникмаларини авлоддан-авлодга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига бевосита ҳисса қўшаётган уюшма аъзолари чекка қишлоқларда яшовчи ҳунармандларни қўллаб-қувватламоқдалар. Шаҳрихон шаҳрида Раҳматхўжа Алихўжаев (миллий пичоқчилик), Андижон шаҳрида Исмоилжон Қўчқоров(мисгарлик), Абдумалик Мадраимов, (миллий мусиқа асбоблари), Олтинкўл туманидаМирзабаҳром Абдуваҳобов (миллий кулолчилик)ларнинг хонадонларида музей-устахона ва "Уста-шогирд" мактабларида йўқолиб бораётган ҳунар турларини тиклаш изчил йўлга қўйилган.

ГулжаҳонЖАББОРОВА.