Ижод гулшани

Шумқишлоқ ҳангомалари


19.04.2017   469

Шумқишлоқ ҳангомалари

«ШИНАВАНДА»

Кунларнинг бирида Шумқишлоқдаги Қодирқул аканикига Тошкентдан Шоазим деган таниши меҳмон бўлиб келибди.

Қодирқул ака шу муносабат билан маҳалласидаги яқин улфатларини ҳам уйига чорлаб, зиёфат уюштиради. Тўкин дастурхон атрофида гурунг қизиган кезда соддадил Мамаюсуф тошкентлик меҳмондан қаерда ишлашини сўради.

-Тошкент давлат консерваториясида, - дея жавоб қайтарди меҳмон.

-Доцент деган амали ҳам бор, - қўшимчалади Қодирқул тантанавор оҳангда.

-Ў-ў, ростданми?! - Мамаюсуф қувончи ичига сиғмай қўлларини икки ёнга ёзди. - Сиздек инсонни излаб юргандим! Айни муддао бўлди-да! Очиғини айтсам сиздақа етук мутахассисларга жудаям ҳавас қиламан.

-Раҳмат, раҳмат, - меҳмон нозик бармоқларини унинг елкасига теккизди. - Тушунган одам экансиз. Чамам ўзлари ҳам шинаванда бўлсалар керак, а?

Мамаюсуф унинг айтганларидан яйраб кетди. Тақсимчадаги тузланган помидори бўлагини қўлига олиб, деди:

-Шинаванданинг ҳам ашаддийиман. Шу десангиз... тузламалар жону дилим. Айниқса сизлар тайёрлайдиган тузламаларнинг таъми жа-а бўлакча.

Меҳмон унга ажабланиб қаради. Аммо Мамаюсуф бунга парво қилмай гапида давом этди:

- Уйда хотиним ҳар йили помидори, карам тузлайди-ю, аммо бодрингга келганда ҳеч уддалолмаяпти-да. Бир сири борми дейман-ов. Ҳа, айтмоқчи, бодрингни қанақа қилиб тузлаш керак?

Тошкентлик «билмасам» дегандек елкасини қисди.

-Қўйсангизчи-е, давлатнинг консервахонасида ишлаб туриб...

Унинг эътирозидан меҳмоннинг юзига нимтабассум югурди.

-Бизда консервалар эмас, юқори малакали созандаю хонандалар тайёрланади.

-Иййи, шунақами? - Мамаюсуф нима деярини билмай жим қолди. Сўнг аста ғудранди. - Шу...шу дейман...ишхонангларнинг номини бошқача қўйишса бўларкан.

Ҳазилкаш улфатларидан бири шу заҳотиёқ луқма ташлади:

-Ўзинг Тошкентга бориб, меҳмонимизнинг ишхонасини топиб, «сенинг исминг бугундан шунақа бўлди», деб қулоғига азон айтиб келмасанг бўлмас-ов...

Даврада гурр кулги кўтарилди.

Мирзо Табассум.