Андижон 24

Шуҳратбек АБДУРАҲМОНОВ: ЁШЛАРИМИЗНИНГ ЧАҚНАБ ТУРГАН КЎЗЛАРИДА БУЮК АЖДОДЛАРИМИЗНИНГ СИЙМОСИНИ КЎРАМАН...


06.12.2019   1499

Андижон олимпия захиралари коллежида вилоятимизнинг фаол, билимдон, турли жабҳаларда пешқадам йигит-қизларини, спортчиларни тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлди. Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида якунланаётган йил давомида олиб борилган саъй-ҳаракатларнинг ўзига хос сарҳисобига қиёсланган тадбирда йиғилганларга эришилган натижалар хусусида маълумот берилди.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ёшларни қутлар экан, “Жонажон Ўзбекистонимиз байроғини жаҳон минбарларида баланд кўтариб, фахр-ифтихоримиз бўлиб келаётган ёшларимизнинг чақнаб турган кўзларида буюк аждодларимизнинг сиймосини кўраман”, дея эътироф этди.

Қайд этилишича, вилоятда 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар сони 1 миллион 280 мингдан зиёд. Беш муҳим ташаббус доирасида уларнинг 260 минг нафари маданият ва санъат, 380 мингдан зиёди жисмоний тарбия ва спорт, 253 минг нафари компьютер технологиялари ҳамда 387 мингдан зиёди китобхонлик йўналишларига жалб этилди.

Ҳар қандай ютуқ ва омад тинимсиз меҳнат ва саъй-ҳаракат билан боғлиқ. Шу маънода вилоятимиз спортчиларининг кўрсаткичлари ўтган йилга нисбатан икки карра ўсиб, медал жамғариш бўйича мамлакатимиз ҳудудлари орасида етакчилик қилаётганлиги соҳага қаратилаётган эътибор ҳамда бамаслаҳат ва ҳамжиҳатликда олиб борилаётган иш тутуми билан узвий боғлиқ.

Тадбирда ташаббуслар доирасида ўтказилган тадбирларда пешқадамлик қилган бир гуруҳ ёшларга вилоят ҳокимлиги томонидан қимматбаҳо совға-саломлар, фаол спортчиларнинг оналарига маиший техника жиҳозлари топширилди. Шунингдек, Жалақудуқ, Хўжаобод ҳамда Қўрғонтепа туманидаги мактаблар учун уч “Дамас” китоб туҳфа қилинди.

Ўз мухбиримиз.